Жорий йилнинг 20 июнь куни Қарши шаҳар маданият марказида Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи С.Сайимов раҳбарлигида “2019 йил 1- ярим йиллигида маданият ва санъат соҳасида эришилган ютуқлар ҳамда соҳа ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши” мавзусига бағишлаб йиғилиш бўлиб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан С.Сайимов ўз сўзида мухтарам  Президентимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига кенг эътибор берилаётганлиги, ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида 22 та Қарор ва Фармонлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 54 та қарорлари қабул қилинганлиги бунинг ёрқин мисоли эканлигини таъкидлаб ўтди.

Айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 28 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ПҚ-4038-сон қарорида белгилаб берилган вазифалар ҳусусида алоҳида тўхталиб, маданият ва санъат соҳаси ходимларининг умумхалқ байрамлари ва туй хашамларда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёмон иллатларни  ёшларга тарғиб қилаётганлиги жиддий танқид қилинди. Бундан кейинги маданий-маърифий тадбирлар, тўй ва маросимларда маданият ва санъат соҳаси ходимлари кийиниш ва муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратишни, бадиий юксак савиядаги мазмун моҳияти жиҳатидан ёшларга маънавий озуқа бераоладиган қўшиқлар ижро этиш лозимлигини  алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И.Тўраев сўзга чиқиб, бугунги кунда мақом ва бахшичилик санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги тўғрисида гапириб, санъаткорларимизнинг репертуарлари миллий мақом санъати билан янада бойитиш давр талаби эканлиги ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек йиғилишда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими директори Ш.Тўраев иштирок этиб, санъаткорларга бериладиган лицензия бу санъаткорларнинг репертуарини бадиий юксак савиядаги қўшиқлар билан бойитиш мақсадида жорий этилганлиги ва барча санъаткорлар лицензия олган холда фаолият кўрсатиши, айниқса бугунги кун талабидан келиб чиқиб барча санъаткорлар саҳна маданиятига одоб-ахлоқ қоидаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.

                                             Вилоят  ҳокимлиги ахборот хизмати

 

21-06-2019 |
Foto galereya