2019-2020 йиллар давомида Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Қумдарё давлат ўрмон хўжаликлари ҳамда Шаҳрисабз ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги томонидан 7 минг гектар майдонда писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда плантациялари барпо этилади.

Жумладан, 5 минг гектар майдонда писта экилса, 1000 гектар ерда аччиқ бодом, 500 гектарда ёнғоқ ва 500 гектарда чаканда экилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги "Қашқадарё вилоятида ўрмон хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланди.

Шунингдек, мазкур қарор билан Қамаши давлат ўрмон хўжалиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Пистачиликни ривожлантириш илмий-тажриба хўжалиги ҳамда Чироқчи тумани ҳудудида Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги ташкил этилди. Эндиликда Қумдарё давлат ўрмон хўжалигига туман ҳудудидаги табиий ўрмонзорлар ҳамда самарасиз фойдаланилаётган ерлардан 28 минг 552 гектар ер майдони ажратиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 13-14 декабрь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида вилоятдаги ўрмон хўжаликлари имкониятларидан самарали фойдаланиб, доривор ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш кўламини ошириш бўйича қатор топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

18-03-2019 |
Foto galereya