Ижро тартибини янада соддалаштириш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга қаратилган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан суд ва бошқа органлар актларини мажбурий ижро қилиш жараёнига медиация институти жорий қилинмоқда.

Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, медиация амалга оширилаётган пайтда ижро иши 15 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади. Бунда томонлар ўртасида ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда ижро иши юритиш тугатилади.

Шунингдек, қарорда ижро жараёни билан боғлиқ муддатлар ҳам аниқ кўрсатилди. Масалан, 2019 йил 1 июндан бошлаб ижро ишини қўзғатиш масаласи бир иш куни давомида кўриб чиқилиши, ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, ижро қарздорнинг аризаси ёки давлат ижрочисининг ташаббусига кўра фақат икки маротаба кечиктирилиши мумкинлиги ёки ижро ишидаги тушунмовчиликларни аниқлаш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис қарори билан танишгандан сўнг узоғи билан 15 иш куни давомида ёзма хулоса бериш шартлиги белгиланган.

Н.ХЎЖАЕВ

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

04-04-2019 |
Foto galereya