Ўзбекистонда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Охирги йилларда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларини янада такомиллаштириш, ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини ошириш, авиация ҳамкорлигидаги дала-ўқув машғулотларини реал вазиятларга яқинлаштирган ҳолда олиб бориш ва унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.  

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига сафари давомида, Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромига ташриф буюриб, ҳарбий аэродром учувчилари билан мулоқот ўтказган эди.

Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродроми 10329-сонли ҳарбий қисм ташкил этилганлигининг 70 йиллиги (1949-2019 йй) муносабати билан  мазкур ҳарбий қисм юбилей тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида Хонобод ҳарбий аэродромида беш турдаги самалётлар ва марказда учувчининг рамзий ҳайкали жой олган  мусаффо осмон остидаги очиқ музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Тадбир жараёнида Қашқадарё вилоятининг ўзига хос жиҳатлари акс эттирилган кўргазмалар ва китоб ярмаркалари ташкил этилди.

Тадбир давомида вилоят ҳокими, ҳарбий - маъмурий сектор раҳбари  Зафар Рузиев ва Хонобод аэродроми ташриф буюрган меҳмонлар нутқ сўзлашди.

Қарши шаҳри яқинида жойлашган Хонобод аэродромида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округидаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда амалий парвоз машқлари ўтказилди.

Мазкур машғулотларда ҳам маҳоратли учувчилар амалий кўникмасини мустаҳкамлаб, миллий армиямиз жанговар шайлиги ва қудратини оширишга, само сарҳадларимиз мусаффолигини таъминлашга доим жанговар шай эканлигини исботлашди.

Global Firepower экспертлари ўтказган тадқиқотга кўра, Ўзбекистон армияси дунёнинг энг кучли 50 армияси рўйхатига киритилган ва Марказий Осиёдаги ҳарбий қудрати энг юқори давлат ҳисобланади.     

Бадиий жамоалар ва воҳа санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирда иштирок этаётганларга яхши кайфият улашди. 

      

                                                                                                   Суратларни Мурод Комилов олган.

                                                            Вилоят  ҳокимлиги  ахборот  хизмати .

19-06-2019 |
Foto galereya