Жоҳилларга қарши маърифат билан кураша олишимиз, исломнинг яратувчанлик кучи моҳиятини тушуниб етишимиз учун ҳам Имом Бухорий, Марғиноний, Мотуридий, Абу Муин Насафий сингари алломаларимиз илмий меросини англашимиз керак.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рузиев ташаббуси билан Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия ақидавий мазҳабининг алломаси Абу Муин Насафийнинг ибратли ҳаёти ва илмий меросини чуқур ўрганиш юзасидан Туркия Республикасига бир гуруҳ зиёлилар сафар уюштирдилар.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан буюк олим Абу Муин Насафий ҳаёти ва меросини ўрганиш юзасидан айни вақтда Туркия сафари давом этмоқда. Анқара университети Илоҳиёт факультети профессор-ўқитувчилари иштирокидаги давра суҳбатида келгусидаги ўзаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Абу Муин Насафий меросидаги бугунги кундаги мафкуравий аҳамиятини ёритиб бериш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, алломанинг «Тафсират ал-адилла» асарининг ўзбек тилидаги таржима нашрининг тақдимоти ҳам ўтказилди. «Туркияда Абу Муин Насафий асарлари қарийиб юз йилдан ошиқ вақтдан буён ўрганилгани бизга фахр бағишлади. Қўҳна Насафдан етишиб чиққан буюк аллома меросига қизиқиш юқори эканлиги бизни ҳайратга солди, деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Саидмухтор Оқилов, ишонаманки, келгусида бугунги илмий сафаримиз  натижалари ўлароқ Абу Муин Насафий меросининг бугунги кундаги мафкуравий аҳамиятини ёритиш бўйича тадқиқотларга кенг йўл очади».

Давра суҳбатида Анқара университети Али Шаъбон, Сўнмес Кутлу, Исмоил Ҳаққий каби профессор ўқитувчиларининг фикр мулоҳазалари тингланди. Тадбир сўнггида университетнинг қўлёзмалар фонди билан танишилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим мудири Эргаш Даминов ўз фикрлари қуйидагича билдириб ўтди: «Мавжуд манбалар рақамлаштирилган, электрон базаси яратилган, қўлёзмалардан фойдаланишнинг барча имкониятлари яратилган. Менга ёққани аждодларимиз, хусусан, Имом Мотрудий ва Абу Муин Насафий асарлари, уларга бағишлаб қилинган тадқиқотлар алоҳида бўлимда сақланади».Тадбирда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Сафарнинг иккинчи куни Анқарадаги Туркия стратегик тафаккур институтида «Тафаккур дунёсининг меъмори: Абу Муин Насафий» деган гўзал мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида Ўзбекистон томонидан Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим мудири, исломшунос олим Эргаш Даминов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Саидмухтор Оқилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатовалар, Туркия томонидан Стратегик тафаккур институти директори Муҳаммет Саваш Кафкасвали, Туркиянинг Диёнат ишлари собиқ мудири, ўзбекистонлик кўплаб олимлар бўйича тадқиқот ишларини амалга оширган профессор Меҳмет Гурмеш, Анқара университети профессори Сўнмез Кутлу ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Давра суҳбатида икки мамлакат олимлари томонидан мазкур мавзу юзасидан олиб борилган тадқиқотлар бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, келажакда ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар юзасидан келишиб олинди.Тадбир сўнггидан турк зиёлиларидан иборат бир гуруҳ олимлар қашқадарёча ош билан сийланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган Туркия сафаридан мақсад, буюк бобокалонимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда «бундан минг йил олдин ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома” Абу Муин Насафий илмий мероси юзасидан илмий изланишлар олиб бориш эди. Бугун делегация аъзолари Туркиянинг ISAM (Ислом тадқиқотлар маркази) кутубхонасида бўлиб, алломанинг асарлари, илмий тадқиқотлар билан танишдилар. Мавжуд асарлардан нусха олиш, харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Аллома асарлари экстремистик ғояларга раддия ҳисобланади. Ҳа, Насафий бобомиз бундан минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашган.

                                                                              Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

23-07-2019 |
Foto galereya