Озарбайжон халқи, тили, миллати, маданияти ва санъати ҳақида гап кетганда аввало, У.Гаджибеков номи бор бўйи билан  қад ростлайди. Негаки, ўз замонасининг соҳиби илми, мусиқашунос олими, чолғучиси, бастакори, бир сўз билан айтганда  санъат фидоийси бўлган шахсдир. Унинг  “Аршин мал алан” комедияси юзлаб тилларда саҳна юзини кўрган ва барча халқлар қалбига бирдай манзур бўлган мусиқий асаридир. 

Жорий йилнинг 3 июл  куни соат 18.00да У.Гаджибековнинг “Аршин мал алан” спектаклининг премьераси  бўлиб ўтди.

Спектакл премьерасида Қарши шаҳар маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари, хусусан теливединие ва матбуот ходимлари, шунингдек вилоятнинг зиёли қатлам вакиллари иштирок этишди. Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари Алишер Насимов спектакл хусусида  бугунги кун томошабини учун соғинчли мусиқий асар  дея баҳо берди ва театр жамоасини чин дилдан муборакбод этди.

Спектаклдаги бош ва асосий қаҳрамонларни,  жумладан  Асқар- Достон Мўминов, Султонбек- Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Бахриддин Рахмонов, Гулчеҳра- Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова, Осиё- Нилуфар Жалилова, Зебо- Моҳичеҳра Абдурахмонова, Жаҳон хола- Ҳуррият Исроилова, Сулаймон- Илёс Қурбонов, Вали- Шухрат Ризвоновлар ижро этишди. 

Б.Назаров талқинидаги У.Гаджибековнинг “Аршин мал алан”  спектаклида ҳам бугун миллатларимизга хос бўлган оила ришталарини боғлашдаги миллий қадриятларга садоқатлилик, ушбу анъаналарни ҳурмат қилган ҳолда бардавомлигини таъминлаш масалалари саҳнавий тарзда акс эттирилди. Ўзбек қизларининг ибо ҳаёси, қадимий ва асрий анъаналаримиз саналган “Никоҳ” масалаларидаги ота-оналар раъйига қарши бормасдан мухаббат қасрларини қуришлик масалалари комик руҳиятда ва мусиқий жарангдорликдаги  озарбайжонча муғомлар орқали ҳавола этилди.

4 июл куни  соат 18.00да ҳамда  5 июл кунлари соат 10.00да  Қарши шаҳар аҳолиси ва  “Ёнғин хавсизлиги” бошқармаси ходимлари  ҳамда уларнинг оила аъзолари учун У.Гаджибековнинг “Аршин мал алан” мусиқали комедияси намойиш этилиши  билан театрда 86 мавсум ўз ниҳоясига етади.

Театр жамоаси ўзининг 86 мавсумини якунлаб бир ой муддатга  ёзги умумий меҳнат таътилига чиқиб кетади.

Қашқадарё вилояти мусиқали драма  театрнинг келгуси режаларида театр ихлосмандларини  янги спектакллари билан ҳайратга солувчи ижодий ишлари кўламини янаям кенгайтириб бораверади. 

 

                                                                  Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

05-07-2019 |
Foto galereya