Қарши шаҳридаги Ватанпарварлар боғида  Қашқадарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан битирган бир гуруҳ ўқувчилар тантанали тақдирланди.

 

 

Тадбирда вилоят ҳокими  Зафар Рузиев, таълим фахрийлари, жамоатчилик ва ёшлар Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар тарафлама баркамол, чуқур билимга эга ёш авлодни тарбиялаб, камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда умумтаълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълим тизими қайта йўлга қўйилгани, энг билимли, иқтидорли ўқувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш жорий этилгани ҳам бунга яққол далилдир.

Жорий ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 32 минг 501 нафар  йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраев. Уларнинг 206 нафари олтин ва 283 нафари кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек вилоят умумтаълим мактабларини битирган 883 нафар ўқувчиларга аъло даражали касб малака дипломи топширилди.

Тадбирда олтин ва кумуш медаллар, вилоят ҳокимлигининг совғалари тантанали топширилди. Мукофотланганлар сафида Қарши шаҳридаги 2- сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси  С.Муродиллаев ҳам бор.

– Таълим муассасамизда биз, ёшларнинг замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришимиз учун барча шароит яратилган, – дейди С.Муродиллаев. – Фақат қунт билан ўқиш керак. Мактабда олган билимларимиз давлатимиз томонидан юқори баҳоланганидан фахрланамиз. Бу бизнинг Ватанимиз тараққиёти учун келажакда амалга оширадиган меҳнатларимизга берилган мукофот, деб биламан.

 

                                              Суратларни Мурод Комилов олган.

                                           Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

21-06-2019 |
Foto galereya