Бугун эрта тонгдан Қарши шаҳридаги Марказий ўйингоҳ 10 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари ва спортчилар билан тўлди. 

 

 

 

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, ёшларни олимпия спорт турларига жалб этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида 6 июль куни “Халқаро олимпия куни”га бағишлаб ўтказиладиган “Халқ сайли” умуммиллий спорт мусобақаларига старт берилди.

“Халқаро олимпия куни”га бағишлаб ўтказиладиган “Халқ сайли” умуммиллий спорт мусобақаларининг очилиш маросими мусиқа садолари остида тадбир иштирокчиларнинг эрталабки бадантарбия машғулотларини бажаришдан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар томонидан олимпия халқаларини акс этувчи ўзига хос флешмоб ташкил этилди. Очилиш маросими оммавий марафон мусобақасига уланиб кетди. Ўтказилган тадбирларда 10000 нафарга яқин аҳоли вакиллари, спортчилар иштирок этишди.

– Барчанинг кайфияти кўтаринки, хурсанд, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Одилов. – “Халқаро Олимпия куни” муносабати билан вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида “Сitius, Altius, Fortius”, “Олимпия сари йўл” шиорлари остида турли спорт мусобақалари, фестиваллар ўтказилмоқда. Албатта бундан кўзланган мақсад ёшларимизни оммавий спорт турларига жалб қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришдир.

                                             

                                                Суратларни Мурод Комилов олган.

                                              Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

 

04-07-2019 |
Foto galereya