Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси Чироқчи туманида “Жисмоний ва руҳий баркамоллик сари!” шиори остида соғломлаштириш акцияси ўтказилди. 

     Тадбир аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва зарарли одатлардан асраш, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт фаолиятини самарали ташкил этиш тизимини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

         Соғломлаштириш акцияси доирасида бепул тиббий кўрик ташкил қилинди. Иштирокчи хотин-қизлар 7 ёшдан 45 ёшгача ҳамда ундан юқори ёш тоифаларига бўлиниб, марафон югуриш, кураш, волейбол, стол тенниси, арқон тортиш каби мусобақаларда беллашди. Шунингдек шахмат-шашка ўйинлари ҳам ташкил қилинди. 

     – Беллашувларда кураш бўйича фахрли биринчи ўринга муносиб кўрилдим, – дейди М.Сайдуллаева. – Энг асосийси, бугунги тадбирнинг жуда кўтаринки руҳда ўтганидир. Ишонаманки, бундай беллашувларни доимо ўтказиб бориш ҳар жиҳатдан аҳамиятли. Боиси аёлларни ҳам оммавий спорт турларига жалб этиш, соғлом авлоднинг шаклланишида муҳим омил бўлади. 

           Тадбир сўнгида соғломлаштириш акциясида юқори ўринни эгаллаган ва фаол иштирок этган барча хотин-қизларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Ўлмас Баротов, ЎзА

26-03-2019 |
Foto galereya