Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида 9 июнь – Халқаро архивлар куни ва 15 июнь “Архив иши тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлигининг 9 йиллигига бағишланган “Республика ёш архивчилар форуми” бўлиб ўтди.

Ушбу республика миқёсидаги йирик анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, вилоят архив иши бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, O`zLiDeP вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда 100 дан зиёд ёшлар, давлат архиви соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар иштирок этишди.

Форум доирасида дастлаб иштирокчилар учун кўҳна ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Оқсарой мажмуасида саёҳат уюштирилди. Шунингдек, меҳмонлар “Мақомчилар музейи” экспонатлари билан танишиш билан баробарида маданий тадбирда қатнашди. Таъкидлаш жоиз, иштирокчиларда “Амир Темур музейи” экспонатлари ҳам катта қизиқиш уйғотди. “Мақомчилар музейи”да ташкил этилган матбуот анжуманида иштирокчилар ва ОАВ вакиллари “Ёш архивчилар форуми”дан кўзланган асосий мақсад ва форум дастури билан яқиндан таништирилди.

- Мазкур анжуман айнан Шаҳрисабз шаҳрида ташкилаштирилганлиги бежиз эмас, - дейди O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, вилоят Архив иши бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов. – Зеро архив иши бевосита тарихга боғлиқ. Шундай экан мозийни эслатиб турувчи кўҳна ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳри ёш архивчиларимизга ҳам маданий ҳам маънавий озуқа беришига ишончим комил. Форумдан кўзланган асосий мақсад эса Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бешта муҳим ташаббусни кенг тарғиб қилиш, ёшларимизда тарихни ўрганишга бўлган интилишни юксалтириш ва шу орқали ёшларни китоб ўқишга, ёшлар дунёқарашининг кенгайишига йўл очишдан иборат.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги бош директори У.Юсупов юртимизда барқарор бўлган тинчлик-осойишталик, барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар, шу жумладан, давлат архиви соҳасидаги ислоҳотлар, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Очилиш маросимидан сўнг форум иштирокчилари буюк Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйишди.

Ёш архивчилар форуми Шаҳрисабз Маданият саройи биносида ташкилланган “Билимдон архивчилар” интеллектуал мусобақаси билан давом этди. Мусобақа ғолиблари муносиб тақдирланди.

- Форум катта таасуротларга бой тарзда ўтди, - дейди Жиззах вилоятидан келган иштирокчи Азиза Файзиева. – Оқсарой хақиқатда кўҳна ва бетакрор шаҳар экан. Ташкилотчиларга катта раҳмат, тадбирнинг энг ёдда қоларлик жихати Амир Темур бобомиз ҳайкали қошида турли ватанни улуғловчи куйлар остида биз барча шу юрт фарзандлари елкама елка туриб, юртимизда яратилаётган мана шунақанги имкониятларни ҳис этганимиз бўлди десам янглишмайман.

Куннинг иккинчи ярмида форум қатнашчилари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотда иштирокчилари ўзларининг таклиф ва мулоҳазалари билан Ўзархив” агентлиги бош директори У.Юсупов билан очиқ суҳбат уюштиришди. Шундан сўнг, Шаҳрисабз шаҳар маданият саройи катта залида “Электрон хужжатларни шакллантирилиш, жамлаш, ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланишни ташкил этиш” мавзусидаги Конференция ташкил этилди. Тадбирда сўз олган “Ўзархив” агентлиги бўлим бошлиғи А.Алиев хужжатсиз тарих, тарихсиз давлат бўлмаслигини таъкидлаб, ёш архивчилар олдида турган катта маъсулиятни ҳис этган тарзда фаолият юритишларини айтиб ўтди.

Анжуман сўнггида Конференция ва форумда фаол иштирок этган ёш архивчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

                                                                                                   Вилоят  ҳокимлиги ахборот хизмати

12-06-2019 |
Foto galereya