Бугунги кунда мамлакатимиз қўшни давлатлар билан яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаб бораётган бир вақтда, республикамизга чегара божхона постлари орқали турли хил товар-моддий бойликлари ноқонуний кириб келишининг олдини олиш билан бир қаторда, турли хавф-хатарларни божхона чегарасининг ўзида аниқлаш, улар ички ҳудудга кириб келишини бартараф этиш ҳам божхоначиларнинг асосий вазифаларидан саналади.

Шунга мувофиқ, "Қарши-Керки" чегара божхона постида "Санкцияланмаган ионлаштирувчи нурланиш манбалари топилиши билан боғлиқ аварияни бартараф этишда фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари" мавзусида махсус тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Унда вилоят божхона, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, "Саноатгеоконтехназорат" минтақавий инспекцияси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда "Қарши иккиламчи қора металл" масъулияти чекланган жамияти ходимлари қатнашди.

Режага мувофиқ, дастлаб мамлакатимизга кириш йўналишида иккиламчи қора металл юкланган юк автомашинаси ҳаракатланди ва дозиметрик назоратдан ўтказиш жараёнида божхона постидаги радиацион портал монитор ташвиш сигналини берди. Аниқланган ҳолат бўйича тезкор навбатчи томонидан тегишли идораларга хабар берилди.

Шундан сўнг, жалб этилган гуруҳлар томонидан номаълум ионлаштирувчи нурланиш манбаси топилган жой радиациявий ифлосланиш ўчоғининг кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда уни зарарсизлантириш ишлари амалга оширилди.

Вилоят божхона бошқармаси ходими Азиза Хушвақтованинг айтишича, бундай ўқув машғулотларини ўтказишдан асосий мақсад, чегара божхона постида ионлаштирувчи нурланишнинг санкцияланмаган манбалари аниқланганда, объект раҳбарлар таркиби, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ҳамда тегишли фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари шахсий таркибининг ҳаракатлари ва билимларини ошириш ҳамда уларда амалий кўникмалар ҳосил қилиш, ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.

Н.ХЎЖАЕВ

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

17-03-2019 |
Foto galereya