12 июнь 2019 йил “Науоt” меҳмонхонасининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес ОМБУДСМАН), Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Қашқадарё вилояти Қабулхонаси билан ҳамкорликда “ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР САРҲИСОБИ” мавзусида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Кейинги йилларда республикада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилинди.

Тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ўстириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2018 йил 7 июндаги 3777-сонли ҳамда 2019 йил 7 мартдаги 4231-сонли қарорларига асосан “Ҳар бир оила-тадбиркор” Дастури амалга оширилмоқда ва ўз навбатида, мазкур дастур аҳоли ҳаётида тезда ўз аксини топмоқда.

Қашқадарё вилоятида ҳам Дастур ижроси юзасидан, сектор раҳбарлари бошчилигида иқтисодий соҳа ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар иттифоқи, хотин қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари вакиллари, тижорат банкларининг масъул ходимларидан иборат 739 та ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, барча маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб чиқилиб, Дастурнинг мазмун-моҳияти аҳолига тушунтирилди.

Шу баробарида, оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича аҳолининг, айниқса ёшлар ва кам даромадли оилаларнинг хохиш-истаклари, имкониятлари батафсил ўрганиб чиқилиб, бугунги кунга қадар 36821 та лойиҳалар бўйича 434 млрд.сўмлик кредит маблағларига бўлган талаб шакллантирилди ва “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш вилоят маркази” томонидан уларга ижобий хулосалар берилди.

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида 2018-2019 йиллар бўйича бугунги кун ҳолатига келиб жами 450 млрд. сўмлик кредитлар ажратиб берилди.

 Шундан жорий йилда банкларимиз томонидан 23396 та лойиҳаларга 374 млрд.сўмлик кредитлар ажратиб берилиши таъминланди.

Дастур доирасида лойиҳаларни амалга оширишда, ҳудудларни ўзига хос ҳусусиятларини инобатга олиб, “Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида лойиҳаларни кредитлашга асосий эътибор қаратилган.

Дастурни тўлақонли амалга оширишда энг биринчи навбатда технологиялар, енгил конструкцияли иссиқхоналар, наслли чорва моллари, паррандалар ва бошқа маҳсулотларни етказиб берувчи 766 нафар молиявий аҳволи барқарор бўлган салоҳиятли таъминотчи ташкилотлар шакллантирилди.

Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Россия, Украина ва Қозоғистон давлатларидан таъминотчилар томонидан 2326 бош йирик шохли ҳамда 45600 бош майда шохли наслли чорва моллари олиб келиниб тарқатилди.

“Ҳар бир оила-тадбиркор” Дастурини амалга оширишда кам таъминланган оилаларни тадбиркорликка йўналтириш орқали уларни даромадини ошириш бўйича ижобий ишлар қилинмоқда.

Хусусун, вилоятида 11424 нафар кам таъминланган оилаларни тўлиқ хаммасига 100 фоиз, 41,5 млрд.сўмлик  кредитлар ажратиб берилди.

Дастурнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ва тарғибот қилиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлар ташкил қилинмоқда. Масалан, Қашқадарё телерадиокомпанияси орқали “Ҳар бир оила-тадбиркор” рукни остида “очиқ мулоқот” тарзида кўрсатувлар эфирга узатиб келинмоқда.

Мазкур матбуот анжумани жараёнида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига етарлича жавоблар  олишди.

                                                                  Суратларни Мурод Комилов олган.

                                                                  Вилоят  ҳокимлиги ахборот хизмати

13-06-2019 |
Foto galereya