Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ғузор туманида бўлиб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш доирасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар билан танишди. Ташриф давомида тадбиркорлар учун қулай бўлган "лойиҳалар фабрикаси" тақдимоти вилоят ҳокими томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими "Ҳар бир ёшга — бир гектар" лойиҳаси доирасида ер олиб, бугунги кунда ҳосилини ички бозорга сотаётган ғузорлик ёшларни меҳнат маҳсули билан танишди. Шу билан бирга, "Ёшлар дафтари"да бўлган 15 нафар ишсиз ёшларга паррандачилик билан шуғулланишлари учун мини-инкубатор совға қилинди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Зойир Мирзаев тумандаги "Пачкамар" МФЙда "Обод қишлоқ" дастури доирасида қишлоқларда амалга оширилаётган ишлардаги камчиликлар юзасидан танқидий руҳда йиғилиш ўтказиб, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ва кекса нуронийлари билан ҳам учрашди.

Барча туманларда бўлгани каби, Ғузорда ҳам "Саломатлик йўлаги" ва "Work out" майдончаси қурилиш ишлари эътибордан четда қолмади.

—Маҳаллада олиб борилаётган электр энергия, газ таъминоти, ичимлик суви ва аҳолини сифатли алоқа билан таъминлаш ва бошқа қурилиш жараёнларини кенг жамоатчилик вакиллари орқали назорат қилиш лозим. —дейди Зойир Мирзаев.

Ўз ўрнида жамоатчилик назоратига қўйилган оқсақолларга велосипедлар ҳам совға қилинди.

16-07-2021 |
Foto galereya