Қашқадарё вилоятининг Касби туманида хорижлик инвесторлар иштирокида халқаро бизнес форум бўлиб ўтди.

Форумда Жанубий Корея, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Польша каби 7 та давлатдан 20 га яқин инвестор ҳамда туманда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.

Айтиш жоизки, туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қулай инвестиция муҳити, инвесторларга бир қатор имтиёзлар яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Сингапур давлатининг “ИНДОРАМА АГРО” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси пахта етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 115,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритишни мўлжалламоқда. Мазкур корхона томонидан жорий йилнинг январь-май ойларида лойиҳани амалга ошириш учун 34 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция киритилиши ҳисобига 1000 та янги иш ўрни яратилди.

Яна бир корхона “Myung Sung Placon LTD”компанияси билан 5 гектар ерда гидропоника усулида иссиқхона қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Бундан ташқари жорий йилда Хитой давлати компаниясининг 5,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобига “Биг-РЕГИОН” масъулияти чекланган жамиятининг лойиҳа қиймати 5,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги жинси матоси ишлаб чиқариш лойиҳаси, Россиянинг ООО “АЛТАЙ РАЙ”  кампанияси билан “ALTAY RAY”масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ташкил этилиб, қўшма корхона 2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этиш ҳисобига Дон маҳсулотларини қайта ишлаш ва паррандачиликни йўлга қўйиш лойиҳаси амалга оширилади.

Форум давомида туман иконияларидан келиб чиққан ҳолда инвесторлар кўплаб лойиҳаларга қизиқиш билдирди.

- Компаниямиз асосан Осиёда жойлашган давлатларга энергетика, газ қазиб олиш ва етказиб бериш йўналишларига инвестиция киритади ва ҳамкорликда ишлайди, - дейди Ҳиндистоннинг “NTPC Limited”компанияси менежири Алок Кумар. – Мақсадимиз Ўзбекистон билан ҳам энергетика соҳасига инвестиция киритиш ва ҳамкорлик қилиш. Боиси компаниямиз сифатли ва замонавий электро станциялар қуришда узоқ йиллик тажрибага эга. Бугунги форум давомида ҳам кўплаб лойиҳалар билан танишдик.Ажабмаски, компаниямизнинг мамлакатингиздаги дастлабки фаолияти шу тумандан бошланса.

Таъкидлаш лозимки, туман қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Шу боис ҳудудда йилига 90 минг тонна сабзи ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади. Лекин уларни қайта ишлайдиган бирорта корхона мавжуд эмас. Форум давомида Кореялик ишбилармонлар мазкур йўналишга қизиқиш билдиришди.

- Компаниямиз кенг тармоқли ва дунёнинг кўп мамлакатларида жуда кўплаб лойиҳаларга инвестиция киритади ва бевосита ҳамкорлик қилади, - дейди “KG Networks GIS” компанияси бош директори Ким Чжон Сок. – Масалан, электр билан таъминлаш, сув билан таъминлаш, тоғ-кон саноати, қайта ишлаш, қурилиш, лойиҳалаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳоказо. Лекин компаниямиз кейинги йилларда Осиё давлатларида асосан қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция киритмоқда. Бугунги форумда ҳам айни йўналишдаги лойиҳаларни кўздан кечирдик. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва сифатли сақлаш йўналишидаги лойиҳаларга инвестиция киритишни мўлжаллаяпмиз.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугуги кунга қадар вилоятга ташриф буюрган 180 дан ортиқ хорижий компания вакиллари билан учрашув ўтказилиб, вилоятнинг барча туманлари кесимида 132 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек форум доирасида ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

                                                                                           Суратларни Муродилло Комилов олган.

                                                                                        Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

17-06-2019 |
Foto galereya