Ўтган ҳафтада Марғилон шаҳрида ўтказилган “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалида вилоятимиз вакиллари ҳам фаол қатнашиб, “Юртим тумори” деб номланган дастурини намойиш этишди.

 -Фестиваль доирасида фольклор жамоалари ўртасида ташкил этилган республика кўрик-танловида қашқадарёликлар фахрли учинчи ўринни эгаллаб, III даражали диплом ва 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди, - дейди вилоят маданият бошқармасининг халқ ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш бўлими етакчи мутахассиси Абдували Раҳмонов. – Бу ютуққа эришган жамоамиз, асосан, Қарши туманидаги “Момогул” фольклор-этнографик ансамбли ҳамда Деҳқонобод, Касби, Нишон, Чироқчи туманлари ва Қарши ихтисослаштирилган маданият мактаби вакилларидан ташкил топди. Қадимги чолғу асбоблари – чанқовуз, сибизға, ҳуштак, домбра ёрдамида ижро этилган куй ва қўшиқлар, бахши термалари, айтишувлар, халқ ўйинлари ҳамда Қашқадарёга хос урф-одатларни,  меҳнат жараёнларини ва от чоптириш, улоқ-кўпкари сингари мусобақаларни ифодаловчи рақслар ва томошалардан иборат дастуримиз Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида йиғилган кўп сонли мухлислар ва ҳайъат аъзоларига бирдек манзур бўлди.

 “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали доирасидаги республика кўрик-танловида фаол иштирок этиб, воҳамиз шаънини муносиб ҳимоя қилган жамоанинг ҳар бир аъзоси Қашқадарё вилояти маданият бошқармасининг Фахрий ёрлиғи билан ҳам тақдирланди.

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

 

20-07-2019 |
Foto galereya