Жорий йил 28 январда Вазирлар Маҳкамасининг "Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги  қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ уй-жой қуриш мақсадида ер участкасига эгалик ҳуқуқини аукцион орқали сотиб олиш жараёни электронлаштирилди. Айни ҳолат кўпчиликда қизиқиш уйғотиши билан бирга, турли саволларни ҳам юзага келтирмоқда.

Хўш, янги тартиб жорий қилиниши билан амалда нима ўзгаради?

Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктам НУСУРОВ бу борада қуйидагиларни маълум қилди:

Қоғозбозлик буткул камаяди

- Ушбу механизмга ўтишдан асосий мақсад аҳолига уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартибини соддалаштиришдан иборат. Албатта, бунга замонавий услублардан фойдаланиш эвазига эришиш кўзланган. Шунингдек, ушбу жараён шаффоф, холис ўтишини таъминлаш, адолатсизликка йўл қўймаслик, бунда кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишга устувор аҳамият қаратилган.

Қарорга кўра, аҳолига ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш замонавий механизмларни жорий этган ҳолда амалга оширилади ва ер участкалари "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида жойлаштирилади.

Яъни, уй-жой қуриш учун ер участкасига эҳтиёжи бор киши энди аввалгидек ҳокимлик ва турли идораларга овора бўлиб бориб юрмайди. Қоғоз-қалам қилиши шарт эмас. Фуқаро интернет орқали тўғридан-тўғри "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасига кириб, ўзига маъқул бўлган савдодаги ер участкаси бўйича онлайн-аукционларда қатнашиб, унга эгалик ҳуқуқини олиши мумкин.

Кимлар имтиёзга эга?

- Ҳукумат қарорида айни масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу ҳужжат билан тасдиқланган "Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида низом"нинг 2-бобида якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини аукционсиз бериш тартиби" белгиланган.

Унга кўра, якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкалари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига, давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга аукционсиз берилади

Ер участкасини бериш бўйича имтиёзлар бир оилага бир марта (мулкдорнинг номига) тақдим қилинади ва оиланинг   бошқа аъзоларига татбиқ этилмайди.

Савдода қатнашиш шартлари қандай?

- Аукцион савдоси ўтказилиши ҳақидаги хабарнома ва лот маълумотлари аукционни ўтказиш бошланиши санасидан камида 30 календарь кун олдин операторнинг веб-порталида жойлаштирилади.

Албатта, жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари аукционда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган шахслар бундай ҳуқуқдан маҳрум (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).

Бўш ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи аукционга туман (шаҳар) ҳокимининг қарорида (буюртмасида) кўрсатилган ер участкасининг энг паст нархи бўйича қўйилади.

Электрон аукционда иштирок этишга буюртманомаларни қабул қилиш тегишли хабарнома жойлаштирилган кундан операторнинг веб-порталида автоматик тарзда бошланади ва аукционни ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13:00 да) якунланади.

Буюртманома қай тарзда юборилади?

- Даставвал буюртмачи операторнинг веб-порталида рўйхатдан ўтади ҳамда автоматик тарзда иштирокчининг шахсий кабинети ва шахсий ҳисоб рақами очилади.

Буюртманома берувчи ўзи танлаган лотнинг закалат пулидан кам бўлмаган миқдорда шахсий ҳисоб рақамини тўлдиради ва буюртма беради. Шунда закалат пули иштирокчининг шахсий ҳисоб рақамидан автоматик тарзда ечиб олинади. Аукционда иштирок этиш учун закалат ер участкаси (лот) минимал қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланади ва операторнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.

Буюртманомаларни рўйхатга олишда мажбурий тартибда талабгорни аниқлаш имконини берадиган маълумотлар - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, паспорт рақами ва берилган жойи, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилади. Ушбу маълумотларнинг махфийлиги оператор томонидан таъминланади.

Савдо майдончаси автоматик режимда рўйхатга олинган жисмоний шахс томонидан закалат тўланганини аниқлайди ҳамда закалат киритилган пайтдан эътиборан бир иш куни мобайнида унга аукционда иштирок этиш учун рухсатнома очади.

Буюртманоманинг қўйилган талабларга мувофиқлиги шарти билан оператор буюртмачига аукционда иштирок этиш учун рухсат беради, шунингдек, қўшимча тарзда электрон почта орқали уни аукцион иштирокчиси мақомини олганлиги тўғрисида хабардор қилади.

Аукцион иштирокчиларига якка тартибли рақамлар берилади, шу рақамлар билан улар аукционда иштирок этадилар.

Аукцион тартиби қандай?

- Аукцион операторнинг веб-порталидаги хабарномада кўрсатилган кунда ва вақтда бошланади. Савдо икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлганда, оператор томонидан эълон қилинган аниқ бир иш куни мобайнида соат 9:00 дан  18:00 гача ўтказилади. Электрон аукцион ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва соат 21:00 га қадар якунланиши лозим.

Аукционнинг ҳар қадами аукцион объекти минимал қийматининг беш фоизини ташкил этади. Аукцион унинг иштирокчиларидан лотни бошланғич нархдан битта қадамга оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.

Агар таклиф берилгандан кейин ўн дақиқа давомида аукцион иштирокчиларидан бири белгиланган қадамга оширилган лот нархини тасдиқласа, кейинги таклифни тасдиқлаш учун вақт яна ўн дақиқага узайтирилади. Агар шундан сўнг ўн дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф аукцион иштирокчиларининг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, аукцион натижалари ҳақидаги баённомани автоматик тарзда  шакллантирган ҳолда якунланади. Лот нархи бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб ҳисобланади.

Аукцион иштирокчиларига навбатдаги ставкани дастлабки белгиланган қадамнинг 5, 10 ёки 20 баравари миқдорида мустақил белгилаш имконияти берилади.

Аукционни ўтказиш тугаган пайтдан бошлаб савдо майдончаси аукцион ғолибини аниқлайди ва унинг шахсий кабинетига ер участкаси (лот) қийматини тўлиқ миқдорда тўлаш ҳақида талабнома юборади.

Навбат - эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга

- Ғолиб аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, операторнинг ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш йўли билан лотнинг қийматини тўлиқ тўлаши лозим. Бунда ушбу лот бўйича аввал тўланган закалат пули лот қийматига қўшиб ҳисобланади.

Оператор ғолиб аукцион объектининг қийматини тўлиқ тўлагандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай махсус бланкада аукцион натижалари ҳақида баённомани расмийлаштиради, унга муҳр қўйиб, бир нусхасини аукцион ғолибига беради (ёки аукцион ғолибининг розилиги билан  почта жўнатмаси орқали юборади). Баённома нусхаси операторда қолади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари баённомани олгандан кейин беш иш куни мобайнида аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш ҳақида қарор қабул қилади, уни ер тузиш давлат корхонаси филиалига ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборади. Шунингдек, ҳокимлик ўз веб-сайтида тегишли қарорни эълон қилади.

Ер тузиш давлат корхонасининг филиали қарорни олгандан сўнг икки иш куни давомида, шу асосда ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини тўлов ундирмасдан давлат рўйхатидан ўтказади.

Қиймат тўлиқ тўланмаса...

- Аукцион иштирокчиси беш иш куни ичида ер участкасининг қийматини тўлиқ тўламаса, оператор кейинги календарь кундан кечиктирмай ғолибга - у ғолиб деб топилган аукцион натижасининг бекор қилинганлиги ҳақида электрон хат юборади.

Оператор ғолибдан кейин ер участкасининг нархи бўйича энг юқори ставкани қўйган аукцион иштирокчисига - аукцион ўтказилаётганда таклиф этилган ер участкаси нархини беш иш куни мобайнида тўлаш ҳақидаги таклифни жўнатади. Агар у беш иш куни ичида ер участкасининг қийматини тўлиқ тўласа, аукцион ғолиби деб ҳисобланади ва унга белгиланган тартибда аукцион натижалари ҳақидаги баённома расмийлаштирилади.

Агар аукцион ўтказилмаган бўлса, закалат икки иш куни давомида тегишли ҳисоб рақамга қайтарилиши керак. Закалат шунингдек, аукционда иштирок этган, аммо унда ғолиб бўлмаган шахсларга ҳам икки иш куни давомида қайтарилади.

Агар аукцион иштирокчиси беш иш куни давомида операторни аукцион объектини сотиб олиш истаги йўқлиги ҳақида хабардор қилса ёки мулкнинг тўлиқ қийматини белгиланган муддатда тўламаса, у аукцион объектини сотиб олишдан бош тортган деб тан олинади.

Аукцион объекти нархини белгиланган тартибда тўлиқ тўламаган аукцион иштирокчиларига закалат пули қайтарилмайди ва тегишли маҳаллий бюджетларнинг махсус ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Ғолибга қўйиладиган кейинги талаблар

- Аукцион иштирокчиси электрон онлайн-аукцион орқали якка тартибда уй-жой қурилиши учун битта ер участкасини бир йилда бир марта сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Ер майдонини аукцион савдосидан сотиб олиб, тўлиқ расмийлаштирган фуқаролар ушбу ер майдонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талаби бўйича мақсадли ва самарали фойдаланиши керак.

Шунингдек, қонунчиликда белгиланган муддатларда (Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси бўйича 3 йил ичида) лойиҳа асосида қурилишни амалга ошириши ва иншоотни фойдаланишга топшириши ҳамда тегишли давлат органларида рўйхатдан ўтказилишини таъминлаши керак бўлади.

МИРЖАҲОН суҳбатлашди.

qashqadaryogz.uz  маълумотлари асосида

13-04-2019 |
Foto galereya