Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда бошқарма жамоаси, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.





Таъкидланганидек бугунги кунга қадар транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари бир неча йил муқаддам қурилган, шароитлари етарли бўлмаган эски бинода фаолият кўрсатиб келаётган эди. Қарши шаҳридаги “Насаф темир йўл комплекс қурилиш” хусусий корхонаси бунёдкорлари томонидан Қарши вокзали яқинидаги қаровсиз ётган ҳудудда қарийб 6,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган янги уч қаватли бинода бошқарма ходимларининг янада самарали фаолият юритишлари учун барча имкониятлар яратилган.

– Навбатчилик қисмидан тортиб шинам хизмат хоналаригача ахборот- коммуникация технологиялари, кузатув ускуналари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди, – дейди бошқарма катта терговчиси, майор Анвар Очилов. – Шунингдек, маърифат, фахрийлар, махсус тергов ва қайд этиш, интизомий кенгаш хоналари, вояга етмаганлар махсус тергов хонаси, ётоқхона ҳамда аниқ турар жойи йўқ ва машғулотга эга бўлмаган шахсларни реаблитация этиш марказида ҳам бир қатор қулайликлар яратилди. Терговда адолат ва холисликни таъминлаш мақсадида махсус тергов хонаси ҳамда махсус қайд этиш хонасида видеоёзув ускуналари ўрнатилди.

Тадбир давомида бошқарма бошлиғи ва навбатчилик қисмларига хизмат автомобиллари топширилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз бахш этди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси нефть маҳсулотларини кузатиш батальони 7-отряди Қарши бекатининг ҳам янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Рустам Тошпўлатов иштирок этди.

Ўлмас БАРОТОВ

 

22-07-2019 |
Foto galereya