Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда партия халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда партиянинг янгиланган дастури ва жорий йил декабрь ойида Олий Мажлис ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловларда самарали иштирок этиш масалалари муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, мамлакатга кечаётган ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, сиёсий майдонда яна бир партиянинг вужудга келиши ва бошқа бир қанча омиллар бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари ва кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишидан далолат беради.

Бу эса, ўз навбатида, партия тузилмалари, депутатлик корпуси олдига ушбу сайловларда муносиб ва самарали иштирокни таъминлаш борасида қатор вазифалар қўяди. Хусусан, турли даражадаги вакиллик органлари депутатлигига муносиб номзодларни, партия кузатувчилари, ишончли вакилларини танлаб олиш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш масалаларидан тортиб, партиянинг ўз электорати, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий PR-технологиялардан фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади.

- Бугунги сайловчининг талаби аввалгилардан анча фарқ қилади, - дейди партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси масъул ходими Рустам Пошшоев. - Бугунги сайловчининг сиёсий қарашлари анча теран, ижтимоий фаол. Шундай экан, депутат бўламан деган номзод сайловчининг шу талабларига ҳар томонлама жавоб бериши керак.

Йиғилиш таҳлилий руҳда ўтди. Жумладан, сўнгги уч йилда партия дастурий ҳужжатларига сезиларли ўзгартириш киритилмагани, Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг эмаслиги, ҳудудий партия ташкилотларида алоҳида бино, ахборот-коммуникацион технологиялар, сайловларга оид зарур услубий қўлланмалар билан таъминлашга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди. Ана шулар юзасидан ҳам атрофлича фикрлашиб олинди.

З.НАЗИРОВА

Qashqadaryogz.uz маълумотлари  асосида

23-07-2019 |
Foto galereya