Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси жорий йилнинг 5  ва 7 апрель кунлари кузатилган кучли ёмғир натижасида воҳамизнинг айрим тоғли ҳамда тоғолди ҳудудларида ҳосил бўлган тошқинлар оқибатлари ҳақида маълумот тақдим этди. Унда табиий офат етказган зарар кўлами, уни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида сўз боради.

Маълум бўлишича, Яккабоғ туманида  Қизилдарё дарёси бўйлаб оқиб келган сел сувлари оқибатида автомобиль йўли ва кўприклар зарар кўрган.  Эски Яккабоғ маҳалласи Мадраса гузари кўчасидаги аҳолини электр билан таъминловчи 8 дона симёғоч табиий офат натижасида қулаган. Ушбу симёғочлар қайта тикланиб, электр таъминоти тўлиқ тикланди. Жараёнга жами 12 нафар ишчи ва 3 та техника жалб этилган.

Шу жумладан, Эски Яккабоғ ва Шар-Шарбоғот маҳаллаларидаги лойқа босган кўчалар, ариқлар тозаланган. Самоқ, Татар, Калтақўл ва Сероб қишлоқларидаги 14 электр ўтказгич устунига сел сувларидан зарар етганлиги аниқланиб, устунларни тиклаш ва аҳолини электр энергияси билан таъминлаш  ишлари якунланган.

 "Самоқ-Татар-Калтақўл" автомобиль йўлининг сел оқимларидан зарар кўрган қисмлари таъмирланган ва лойқадан тозаланган. Шу туманнинг Татар маҳалласидаги 300 хонадонга уйма-уй кириб, аҳоли ўртасида юзага келиши мумкин бўлган юқумли касалликлар олдини олиш, фуқароларнинг қайнатилмаган ариқ ёки дарё сувларидан истеъмол қилмаслиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.

Аҳоли саломатлигини асраш мақсадида селдан жабр кўрган Нов, Сувлисой ва Калтақўл қишлоқларидаги 124 та хонадонга зарур дори воситалари тарқатилган.

Сел сувлари кирган аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2 та махсус сиғимли машина жалб қилинган.  Тиббиёт ходимлари томонидан 1278 та хонадон ўрганилиб, 1891 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилган.

Имомёқуб ва Алакўйлак қишлоқларини боғловчи 4К 283 "Яккабоғ-Алакўйлак-Шов-Додқуш" автомобиль  йўлининг 15-километридаги узунлиги 84 метр ва эни 13 метр бўлган кўприкнинг ўнг ва чап томонлари ҳимоя қатламини сел сувлари ювиб кетиб, сув тушадиган бетон қисми (перепад)ни тўлиқ оқизиб кетганлиги сабабли, кўприкда оғирликни чекловчи ва керакли йўл белгилари ўрнатилди.

Бундан ташқари, сел сувлари Қамаши тумани ҳудудидаги 1 та автомобиль кўпригига зарар етказган. 4Р-86 "Лангар-Майданак" автомобиль йўлининг 20-километридаги Оқсувдарё дарёси устидаги кўприкнинг қирғоққа уланган қисми емирилиб, авария ҳолатига келган. Шу боис ушбу йўналишдаги автомобиль ва пиёда қатновлар вақтинчалик айланма йўл орқали амалга оширилди. Туман маркази билан Лангар, Кўкбулоқ аҳоли пунктлари орасида автомобиль қатновини йўлга қўйиш мақсадида сув йўлига диаметри 1000 миллиметрли темир қувур кўмилиб, айланма йўл тикланди.

"Лангар-Майданак" автомобиль йўлининг 12-, 16-, 17-, 18-, 19-, 25- ва 26-километрлари тош жисмларидан тозаланиб, ҳолатни бартараф этиш мақсадида туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш УКдан 1 та юклагич, 2 та самосвал, 1 та грейдер ва 16 нафар ишчи ҳамда Лангар ота зиёратгоҳи ишчи хизматчилари ва аҳоли орасидан 32 нафар кўнгилли жалб этилиб, тозалаш ишлари якунланди, автотранспорт воситалари қатнови тикланди.

Лангар қишлоғидаги 25 та аҳоли хонадонининг ёрдамчи уйларига ва ҳовлисига сел сувлари чиққанлиги аниқланиб, йиғилиб қолган ҳар хил жисмлардан, лойқадан тозалаш мақсадида, туман ҳокимлигидан 2 нафар, туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш УКдан 9 нафар ходим, 1 та грейдер, 1 та сув ташиш техникаси, 1 та юк ташиш машинаси жалб этилди, кўчаларда ва аҳоли уйларида тозалаш ишлари олиб борилди.

Таъкидлаш ўринлики, бироз аввал Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий сайтида ҳам сув тошқинлари бўйича ахборот тақдим этилганди. Билдирилишича, Чироқчи туманининг Боғишамол, Паканди, Қаҳрамон, Чилживут маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёси қирғоғи яқинида яшовчи аҳолининг ёрдамчи томорқалари тошқинлардан зарар кўрган ҳамда Наврўз қишлоғининг юқори қисмидан келган сел сувлари жами 8 та аҳоли хонадонига тошиб кирган. Туман ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда эса томорқа ерларининг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, бу ерлар ноқонуний тарзда экин майдонига айлантирилгани аниқланган.

Эслатиш жоиз, Деҳқонобод туманидаги Оқработ қишлоғида кучли ёғингарчилик туфайли кўчки юзага келиб, шу ҳудуддан ўтган темир йўл изларининг пасайишига олиб келгани маълум қилинганди. Бу ҳолатга "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ расмий сайти изоҳ берди. Айтилишича, ўшанда темир йўлнинг  устки қисмини тиклаш ва мустаҳкамлаш ишларига киришилган, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу йўл вақтинча ёпиб қўйилганди. Ҳодисада ҳеч ким жабр кўрмаган.

М.ЖЎРАЕВ

qashqadaryogz.uz  маълумотлари асосида

13-04-2019 |
Foto galereya