Қашқадарё вилояти қадимдан ўзининг миллий ўйинлари, хусусан, улоқ-кўпкариси билан машҳур. Бу ердан етишиб чиққан қанча-қанча полвонларнинг довруғи нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам ёйилган. Вилоят от парвариши бобида ҳам ўз мактабига эга.

Яккабоғ туманида аҳоли хонадонларида 6 мингдан ортиқ от парваришланмоқда.

Президентимиз 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятга ташрифи чоғида Яккабоғ туманида ташкил этиладиган “Қорабайир йилқичилик мажмуаси” лойиҳаси билан танишиб, уни замон талаблари асосида амалга ошириш бўйича муҳим кўрсатмалар берган эди. Бундан руҳланган яккабоғликлар ўз хонадонларида ҳам от парваришлашни йўлга қўймоқда. Хусусан, тумандаги "Сандал" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қорасув қишлоғида истиқомат қилувчи Нурхон Маллаев хонадонида 10 дан ортиқ айғир, бия ва той боқилади. Уларни Нурхон бобонинг ўғиллари Низомиддин ва Баҳром меҳр бериб парваришлайди. Асосий қисми қорабайир отларидир.

Маълумотларга қараганда, қорабайир ўзининг қатор биологик хусусиятлари билан бошқа турдошларидан устунликка эга. Яъни янги шароитга тез мослашади, иссиқ ва совуққа бардошли. Пойгада, айниқса, узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда яхши. Бир сўз билан айтганда, маҳаллий қорабайирлар ўзида араб отларининг кўркамлигини, мўғул отларининг чидамлилигини, туркман отларининг тезлигини мужассамлаштирган. От парвариши ортидан келадиган даромад ҳам чакки эмас.

– От боқиш бизга бобо мерос, – дейди Баҳром Баҳромов. – Улар азалдан улоқ-кўпкари мусобақаларида қатнашиб келган. От фойдали жонивор. У ўз хонадонига ризқ тилайди. От минган киши бақувват, соғлом бўлади. Халқимиз "От боққан инсоннинг хонадони обод бўлади", деган нақлни бежиз айтмаган. От боқишни оилавий тадбиркорликка айлантирганмиз. Яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, уларни хонадонимизда парваришлаяпмиз. Масалан, отни бугунги кунда маҳаллий усулда тайёрлаб жаҳон бозорига чиқарадиган бўлсак, икки ёшга тўлган наслли тойнинг нархи 400 миллион сўмгача етади. Ўзимизнинг маҳаллий улоқ-кўпкари мусобақасига тайёрлаб ички бозорда сотсак, 200 миллион сўмгача баҳоланади.

Яккабоғда от парваришига эътибор янада кучайиши ҳудудда ҳунармандчиликнинг эгар-жабдуқ устачилиги тури ривожига ҳам сабаб бўлмоқда. Мисол учун, тумандаги Ғозлиқ қишлоғида истиқомат қилувчи Муқим Яратов ўз хонадонида устахона ташкил этиб, от учун, улоқ-кўпкари ўйинлари учун зарур буюмлар ясаш, тўқиш, тикишни йўлга қўйган. Ўғиллари билан эгар, жабдуқ, тақа, узанги, юган, айил ясаб, чопағонлар этигини тикса, қамчи тўқиса, турмуш ўртоғи Норхол момо ва келинлари хуржун, жўл, ўрама жўл, тиззалик тикишади. Шу ҳунар ортидан оиладаги ҳамма ишли. Харидорлар бисёрлигидан хонадондаги ёшу қарининг бош қашишга вақти йўқ.

– Шу ҳунар билан шуғулланиб, кам бўлмадик, – дейди Муқим Яратов. – Ҳунар ортидан фарзандларни улғайтирдик, тўй қилдик. Ўқитдик. Уйимдагилар менга кўмакчи. Хонадонида от боқаётган харидорлар уйимизга келиб, от анжомларини олиб кетишади. Буюртмалар кўп. Бунинг учун томорқамизда тол дарахти ўстирамиз. Ясалаётган маҳсулотларга тол ёғочларидан фойдаланамиз. Бундан ташқари, 15 сотихли томорқамизда турли полиз экинлари етиштирамиз.

Хонадон соҳибининг айтишича, даромад ҳам шунга яраша бўлаяпти. Оила аъзолари рўзғордан ортганини чорвачиликка сарфламоқда. Оғилхонада 10 бош қорамол парваришланмоқда. Айтишларича, олти ой давомида боқиб, кейин сотиб, яна янгиларини олишаркан. Айни пайтда 3-4 та от боқилмоқда. Шу сабаб хонадон фаровон ҳаёт кечирмоқда. 

 

Ў.Баротов, Ўза

 

13-04-2019 |
Foto galereya