Қарши шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Наврўз садолари” V халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларнинг мусиқа кўрик-фестивали вилоят саралаш босқичи бўлиб ўтди.

Маълумки, “Наврўз садолари” халқаро кўрик-фестивали бир неча йилдан буёнмусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернатлари, санъат коллежларининг миллий чолғулар оркестр ва ансамбллари ўртасида ташкил этиб келинаяпти. Ундан кўзланган асосий мақсад болалар мусиқа санъатига оид таълимни янада такомиллаштириш, таҳлил этиш, номоддий маданий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, болалар ижодиётига оид халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборатдир. Фестивалнинг бу йилги вилоят саралаш босқичи ҳам иштирокчиларнинг бир-биридан чиройли чиқишлари, маҳорат ва иқтидорларнинг ўзаро беллашувига айланиб кетди.

Танлов давомида жами 20 нафар оркестр ва ансамбллар ижролари эшитилди. Уларнинг чиқишларини баҳолашда маҳорат, мусиқани теран англаб, тингловчига етказиш салоҳияти каби жиҳатларга эътибор қаратилди. 

Якуний натижаларга кўра, Китоб тумани 10-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби оркестр жамоаси ҳамда Яккабоғ тумани 18-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ансамбль жамоаси вилоят босқичида биринчи ўринга муносиб топилиб, кўрик-фестивалнинг республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

26-03-2019 |
Foto galereya