Яна саноқли кунлардан сўнг вилоятимиз далаларида кузда экилган бошоқли дон экинлари пишиб етилади. Залворли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда, нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш эса соҳа мутасаддилари, деҳқону фермерлар олдида турган эндиги энг муҳим вазифа ҳисобланади.

Вилоят мусиқали-драма театри олдида ғалла мавсуми бошланиши арафасида отряд раҳбарлари, комбайнчилар учун ташкил этилган байрам тадбири масъулиятли мавсум олдидан соҳа меҳнаткашларига юқори кайфият бағишлади.

Бу йил вилоятда 470 та юқори унумли комбайн ғалла ўримига жалб этилади. Уларнинг аксарияти янги, жумладан, 70 таси 2019 йилда харид қилинган "Клаас" русумидаги комбайн. Шунингдек, яна 226 та комбайн Кейс, 50 таси "Вектор-410" ҳамда 124 таси "Клаас-Доминатор" русумли ўрим техникалари ҳисобланади.

Айни пайтда мавжуд комбайнларнинг барчаси техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, зарур техника воситалари кўздан кечирилиб,  мавсумга шайланмоқда.

Комбайнларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш мақсадида ҳар бирига икки нафардан оператор (ҳайдовчи) тайинланган. Операторларга мавсум бошиданоқ бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 1 миллион сўмдан пул мукофотлари тарқатилмоқда. Бу рағбат уларнинг ишга масъулиятини янада оширади.

Шунингдек, ҳар бир комбайн негизида битта  отряд ташкил этилган. Ушбу отрядларга ўримда қатнашадиган техникаларнинг доимий созлигини таъминлаш мақсадида кўчма таъмирлаш устахонаси, ёнилғи ва мойлаш материаллари етказиб берувчи техникалар бириктирилиб, отряд аъзоларининг меҳнат қилиши ва дам олиши учун даланинг ўзида зарур шароит яратилади.

Бу йил вилоятимизда 3 минг 585 та фермер хўжалиги томонидан 141 минг 800 гектар сувли ҳамда 63 минг гектар лалми майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рузиев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбир жараёниджа байрам дастурхони ёзилиб, вилоят санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди .

 

                                                Суратларни Мурод Комилов олган.

                                              Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

 

31-05-2019 |
Foto galereya