8-11 июнь кунлари Қарши шаҳридаги “Геолог” мажмуасида спортнинг қўл жанги тури бўйича Ички ишлар вазирлигининг биринчилиги бўлиб ўтди.

Унда республикамизнинг барча ҳудудлари ички ишлар органлари, шунингдек, жазони ижро этиш, қоровул қўшинлари, халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармалари шарафини ҳимоя этувчи 19 жамоа сафида 170 нафар спортчи ғолиблик учун татамига чиқди.

Шиддатли ва курашга бой кечган баҳслардан сўнг ҳар бир вазн тоифаси бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан, 60 ва  65 килограмм вазн тоифаларида навоийлик Ислом Мардонов ва Аббос Қодировларга тенг келадигани топилмаган бўлса, 70, 75 ҳамда 80 килограмм вазн тоифаларида Бухоро вилоятининг уч вакили – Суҳроб Эргашев, Маҳмуд Розиев ва Ҳасан Тўраевлар шоҳсўпанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди.

85 килограммгача вазнлилар бўйича ҳам навоийлик Шуҳрат Абдураимов ғолиб, деб топилган бўлса, 90 килограмм вазн тоифасида вилоятимиз вакили Жаҳонгир Мансуров 1-ўринни қўлга киритди. Мутлақ вазн тоифаси бўйича эса андижонлик Алишер Акбаровга тенг келадигани топилмади.

Умумжамоа ҳисобида қуйидаги натижалар қайд этилди:

1-ўрин - Бухоро вилояти ИИБ терма жамоаси 

2-ўрин - Навоий вилояти ИИБ терма жамоаси

3-ўрин - Қашқадарё вилояти ИИБ терма жамоаси

Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, наманганлик Жасур Солижонов “Энг яхши техника соҳиби”, андижонлик Сардор Содиқов “Ғалабага бўлган энг яхши иштиёқи учун” номинацияларида совриндор деб топилди.

Ғолибларга медаллар, мусобақа дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

 

14-06-2019 |
Foto galereya