Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳамда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Қарши шаҳрининг “Ўзгеобурнефтгаз” АК мажлислар залида Қарши шаҳар ва Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод туманларидаги фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотлари раҳбар ва ходимлари иштирокида маҳсулотишлабчиқаришда қўшилган қиймат солиғи ва энергия тарифларини оптималлаштириш масалалари бўйича давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти бўйича фикрлашилди. Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг  экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга йўналтирилган солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида маълумот берилди.

Ўз навбатида, иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганини ҳисобга олган ҳолда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибида мавжуд номутаносибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермаётгани таъкидланди.

 

Таъкидландики, Фармонга асосан 2019 йил 1 августдан бошлаб:

ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин;

календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши тартиби ўрнатилди;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатьи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланиши;

б) товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатьи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шартлиги;

в) қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан импорт қилинганда ҳам, имтиёзлар бекор қилинганлиги:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

г) юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, кун тартибига асосан энергия тарифларининг оптимизацияси бўйича муҳокамалар ҳам бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда таббиий газнинг етказиб бериш тан нархи 845 сўм бўлсада амалда бу аҳоли учун 320 сўм қилиб белгиланган. Электр энергия эса 1 кв/с электр энергия ишлаб чиқариш учун эса 450 сўм сарфланган ҳолда аҳолига 250 сўмдан сотилиб келинмоқда.

Бу рақамлар албатда соҳалар ривожига маблағлар ажратиш учун молиявий барқарор муҳитни яратишда имконият бермайди.

Бунинг оқибатида эса соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига путур етмоқда. Маълумки инвестор фойда кўрмаса соҳага келмайди. Бунинг учун тарифларни босқичма-босқич ошириш талаб қилинади.

Сўзга чиққанлар томонидан бу борада ҳалқаро амалиёт ҳамда улардаги энергия тарифлари бўйича мисоллар келтирилди.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг фаолият ва рақобат шароитларни таъминлаш ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида имтиёзлар тартибга солинмоқда.

Учрашув давомида тадбиркорларни қизиқтирган қатор масалалар бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди.

Ислом Хушвақтов,

Абдуғани Умиров,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутатлари

18-07-2019 |
Foto galereya