Жорий йил 19 июль куни Касби тумани ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2019 йил 17 январдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси юзасидан вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирокида ташкил этилган “Маслаҳат кенгаши” мажлисида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман фаоллари, вилоят ва туман ташкилот, корхона раҳбарлари  иштирок этишди.

Вилоят ҳокими З.Рузиев бугун замон шиддат билан тараққий этаётганлиги, Президентимиз раҳбарлигида ҳар бир соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини эътироф этди. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Касби туманида ҳам бу йил ҳар томонлама муваффақиятли йил бўлди. Аввал пилла режаси ортиғи билан уддаланди. Касбилик миришкорлар давлатга ғалла сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажариб, 55 минг тоннадан ортиқ улкан  хирмон яратишга муваффақ бўлишди. Вилоят ҳокими муваффақиятлар билан бирга тумандаги мавжуд камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида  маҳаллий бюджет ҳисобидан  ички йўлларни таъмирлаш учун 2 млд сўм, ичимлик суви таъминоти учун 2 млд сўм жами қўшимча 4 млд сўм ажратилишини билдирди. Ушбу маблағни оқилона ва тўғри тақсимлаш борасида мутасадди ташкилотларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими бошчилигида ташкилот раҳбарлари Хўжахайрон қишлоғида сайёр қабул ўтказди. Аҳолини қийнаётган муаммолар хусусида суҳбатлашди.

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабулда аксарият муаммолар жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари бўйича "йўл хариталари" белгиланиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилди.

Маълумки, бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, муаммоларини жойида ҳал этиш, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаш ва уларни ҳаётдан рози қилиш давлат идоралари, раҳбарлар олдидаги энг устувор вазифага айланди. Шунга мувофиқ, ташкил этилаётган сайёр қабулларда одамларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар тингланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Қабул жараёнида  фуқаролар асосан электр энергия таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар ажратиш, мактабни таъмирлаш ва мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш борасида ўз таклифларини билдирди. Касби тумани халқ таълими бўлимига қарашли 12-умумий ўрта таълим мактаби директори Шомурод Шарипов мактабда қўшимча  синфхоналар эхтиёж борлигини, шунинг учун мактабда қўшимча синфхоналар ташкил этиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Натижада муаммо дастур асосида ўз ечимини топадиган бўлди. Мазкур маҳалла раиси Нарзулло Худойбердиев ҳудудда фақат битта оилавий боғча мавжудлиги, қишлоқ болалари учун мактабгача таълим муассасасига эхтиёж борлигини айтиб ўтди. Бу масала мазкур қишлоқ ҳудудида давлат хусусий шерикчилик асосида 2 ярим йилликда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.

Эътиборли жиҳати, аксарият аҳоли вакиллари томонидан  нафақат ўзи ёки оиласига тегишли, балки маҳалла, қишлоқ ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ 32 та масала ўртага ташланди.

 Хусусан, Хўжахайрон қишлоғида яшовчи Дилором опа Хатамова ва бошқалар 245 нафар болалар 5-6 км ҳудуддан келиб мактабда ўқишларида қийинчиликларга дуч келаётганлиги, шу юзасидан қишлоқда мактаб филиали қуриш бўйича мурожаат қилишди. Бу масала келгуси йилда дастур асосида ўз ечимини топадиган бўлди.

Албатта, халқ билан мулоқот ҳудудлардаги мавжуд вазиятни пухта таҳлил қилиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

      

                                                   Суратларни Мурод Комилов олган.

                                                   Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

20-07-2019 |
Foto galereya