Нишон туманида "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда тумандаги касб-ҳунар коллежлари ва мактабларда таҳсил олаётган ўқувчилардан тузилган 5 та жамоа ўзаро баҳс олиб борди.

 Маълумки, "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси мамлакатимизда 2011 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда, - дейди Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма бошлиғи, майор Айбек Даулетмуратов. - Мазкур мусобақа мамлакатимизнинг чегараолди туманларида жойлашган чақирув ёшидаги ўқувчиларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, чегара хизматига босқичма-босқич тайёрлаб бориш каби мақсадларни кўзлайди.

Мусобақанинг Нишон тумани босқичида ҳам жамоалар саф тортиш, сафда қўшиқ айтиб юриш, югуриш, турникка тортилиш борасидаги маҳоратини, шунингдек, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий соҳага оид билимларини намойиш этди. Улар кўрсатган натижалар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, Нишон транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежининг "Сергаклар" жамоаси учинчи, 24-сонли ўрта мактабнинг "Қалқон" жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.

Тумандаги 13-сонли ўрта мактабнинг "Амир Темур  издошлари" жамоаси эса мутлақ ғолиб бўлиб, мусобақанинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Мусобақа ғолибларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Собир НАРЗИЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

04-04-2019 |
Foto galereya