Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев Косон туманидаги “Косон” фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.
 
Фермер хўжалиги 82 гектар майдонга эга бўлиб, асосан ғалла ва пахта экинларига ихтисослашган.
 
– Бозор иқтисодиётида ишни ҳаракатлантирувчи куч нима? Манфаат. Фермер хўжаликлари ҳам даромадни кўпайтиришни ўйлаши керак. Даромад бор жойда ривожланиш бўлади. Унумдорликни ошириш учун фойданинг бир қисмини илмга, янги технологияларга сарфлаш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
 
Бу ерда пахта ва ғалла далалари атрофига ток, тут ҳамда ошқовоқ экилган бўлиб, Президентимиз бу тажрибани кенгайтириб, барча кластер ва фермер хўжаликлари даласидаги атрофидаги бўш жойларда мева-сабзавотлар етиштириш зарурлигини таъкидлади.
 
Вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида энг катта муаммолардан бири – сув камлиги ҳисобланиб, бу борада ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишда давлат томонидан қўллаб-қувватловлар амалга оширилмоқда.
 
Худди шундай “Косон” фермер хўжалигида ҳам ёмғирлатиб суғориш ташкил этилган 23 гектар майдонда ғалла ўсмоқда. Бу йил яна 23 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб ҳамда 30 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади ва натижада 46 минг метр куб сув, 11 тонна минерал ўғит иқтисод қилинади.
 
Давлат раҳбари тумандаги “Бунёдкор” пахта-тўқимачилик кластери ишлаб чиқариш корхонасига ҳам ташриф буюрди.
 
Бу ерда президентнинг кластер ғояси асосида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат «занжири» яратилган ва биринчи лойиҳа доирасида қарийб 21 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилган ҳамда замонавий тикувчилик фабрикаси ташкил этилган.
 
Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхона йилига 6 миллион дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Даромад жиҳатидан айтганда, қарийб 100 миллиард сўмлик юқори сифатли кийим-кечаклар тикилиб,  2 миллион долларликдан зиёд тайёр маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.
 
Ҳозирги кунда фабрикада 320 нафар хотин-қизлар ишламоқда. Ташриф чоғида президент улар билан суҳбатлашиб, ишларига муваффақият тилади.
 
Давлатимиз раҳбари шу ерда соҳа мутахассислари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.
 
- Биз ҳозирги кластер тизими билан енгил босқични қиволдик. Энди сифат, нарх, бозор нуқтаи назаридан йўл очиқ. Шунинг учун кластерларимизнинг чет элларга хизмат сафарлари, кўргазмаларини ташкил этиш керак, - деди Президент.
 
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Косон туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказида ҳам бўлди.
 
Бу ерда техника ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 20 га яқин касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилган бўлиб, ўқув ва машғулот хоналари тегишли барча жиҳозлар билан таъминланган.
 
Уларга жаҳон стандартлари даражасида кўникма бериш  мақсадида Германия, Туркия ва Япония давлатларидан мутахассислар жалб қилинган ҳамда марказ қошида хорижий тилларни ўқитиш ҳам йўлга қўйилган.
 
Қўшни туманлардаги ишсиз фуқароларга ҳам амалий ва назарий таълим берадиган ушбу масканда 2 ойдан 6 ойгача бўлган курслар мавжуд. 
 
Президентимиз марказда яратилган шароитларни кўздан кечирар экан касб ўрганаётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди. 
 
– Сизларнинг эртанги кунингизга бефарқ бўлмай, касбга интилишингиз мени хурсанд қилди. Бундай марказларни нима учун қилаяпмиз? Илгари ёшлар касб эгаллаши учун Тошкентга ёки бошқа шаҳарларга борарди. Энди ўша шароитларнинг ўзи ёшларнинг олдига келаяпти. Мақсадимиз - аҳолини касб-ҳунарли қилиш.
 
Яхши ҳунари бор одам ишсиз қолмайди, керак бўлса уйидан олиб кетишади. Шунинг учун бу имкониятлардан фойдаланиб, йўлингизни топиб олишингиз керак, - дея таъкидлади давлат раҳбари.
 
Шундан сўнг, юртбошимиз ташриф давомида тумандаги сўнги манзили сифатида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди. 
 
Бу ерда 2022-2026 йилларда 120 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, маҳалла идораси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуаси каби турли ижтимоий объектлар барпо этилади. Ушбу ҳудудда истироҳат боғи ва стадион борлиги аҳолига қулайлик яратади.
 
Шу ернинг ўзида вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоғини яхшилаш борасидаги режалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
23-04-2022 |
Foto galereya