Россия Федерациясининг Нижегород вилояти ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида жорий йилнинг 5 апрелда савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда тузилган ҳамкорлик битимига мувофиқ, ҚарДУ ҳамда Приволжск тадқиқот тиббиёт университети (ПТТУ) билан видеоконференция ташкил этилди.

Унда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Юсупов, ҚарДУ ректори Дилмурод Набиев ва ПТТУ Нижегород вилояти ташқи алоқалар департаменти директорининг ўринбосари В.В.Прелов, ПТТУ ректори Н.Н.Карякин ҳамда ҳар икки томондан масъуллар иштирок этишди.

Учрашувда икки вилоятлар ўртасида илмий-техник, гуманитар соҳаларда ҳамкорликни илк қадамлари, яъни вилоятимиз тиббиёт соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш мақсадида бакалавриат таълим йўналиши бўйича даволаш иши (25 нафар), педиатрия иши (25 нафар) ва фармация бўйича (25 нафар) қўшма таълим дастурлари ташкил этиш юзасидан расмий шартномалар имзоланди.

Келишувга кўра, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб фармация бакалавриат таълим йўналишига қабул қилинадиган талабалар учун ПТТУ таълим ресурсларидан фойданилган ҳолда мазкур ОТМ профессор-ўқитувчилари томонидан 5 йил давомида дарслар ташкил этилиши ва таълим якунида ҚарДУ дипломи тақдим этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, даволаш ва педиатрия иши бакалаврлари 3 йил ҚарДУ да 3 йил ПТТУларида таҳсил олишади ҳамда университетларни муваффақиятли тугатган талабалар бир вақтнинг ўзида 2 та ОТМнинг ўзаро тан олинган дипломига эга бўладилар.

09-07-2021 |
Foto galereya