29 июль куни вилоятимиздаги олий таълим даргоҳларида абитуриентларнинг илк тест синовлари бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида“ги қарори ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, олий таълим муассасалари орасида соғлом рақобатни кучайтириш, давлат буюртмаси ва табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини жорий этиш орқали олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, талаб юқори бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари учун олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни давлат буюртмаси асосида йўлга қўйишда муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Мазкур ҳужжатга кўра, олий таълим муассасаларининг мавжуд қувватлари, моддий-техник базаси ҳамда профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда, олий таълим муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланадиган бакалавриат таълим йўналишларига табақалаштирилган тўлов-контракт, магистратура мутахассисликларига базавий тўлов-контракт бўйича қўшимча қабул амалга ошириладиган бўлди.

Бу йилги тест синовларига жиддий тайёргарлик кўрилди. Имтиҳон ўтказиладиган бинода кузатув камералари ва шахсни идентификациялаш воситалари билан жиҳозланди. Тест синовларини “on-line” тарзда кузатиш учун абитуриентларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчиликка кутиш жойларида катта мониторлар ўрнатилди.

Вилоят бўйича 5 та бинода тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Уларда бир кунда икки сменада абитуриентлар тест топшириш имкониятига эга. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тест ўтадиган биноларда видеокузатув камераси, мобиль алоқаларини тўсувчи қурилма, абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда металлорамалар, бармоқ изи асосида таниш воситалари тайёрланди. Имтиҳонларнинг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида малакали назоратчилар жалб этилди.

Барча биноларда белгиланган тартиб бўйича етарли шароитлар яратилган, хусусан:  28 та катта ҳажмдаги совутгич, 159 та кузатув камераси, 4 та тўлқин тўсувчи қурилма, 5 та катта ҳажмли соат, 5 та видеопроектор, 5 та овоз кучайтирувчи микрофоннинг барчаси ишчи ҳолатда. Шунингдек, 150 минг дона ичимлик суви ва 90 минг дона кўк рангли ручка фойдаланиш учун тайёрлаб қўйилган.Ота-оналар учун барча шароитлар ва қулайликлар яратилган бўлиб, 6500 нафар ота-она учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатилган. Соя ва салқин жойларга барча шароитлари талаб даражасидаги яхна ичимликлари ва овқатланиш масканлари ташкил қилинган.

– Сиртқи таълим шаклининг жорий этилгани олий таълим олиш истагидагилар учун айни муддао бўлди, – дейди Касби туманилик абитуриент Сабина Шокирова – Саволлар унчалик ўта енгил ҳам, жуда мураккаб ҳам эмас. Ҳар ҳолда яхшилаб ўйлаб, жавобини белгилашга ҳаракат қилдим. Тест ишлаш учун барча имконият ва шароитлар яратилган.

                                                                     Суратларни Мурод Комилов олган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

30-07-2019 |
Foto galereya