160 дан ортиқ давлат одам савдосига қарши курашишга оид халқаро ҳамкорликка қўшилганига қарамай ҳар йили дунё бўйича 20 миллиондан ортиқ инсон бу иллат ортидан жабр кўрмоқда. Уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади. Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида  30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан "Биргаликда одам савдосига карши курашамиз!" шиори остида бўлиб ўтган акцияда шу ҳақда айтиб ўтилди.

Тадбир вилоят хокимлиги, "Юксалиш" ахборот-маслахат ресурс маркази, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот марказининг вилоят бўлими, ички ишлар ва маданият бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Таъкидландики, одам савдоси халқларнинг урф-одатлари, дини ва менталитетига мутлақо зид бўлиб, оқибатда одамларнинг ўз миллий келиб чиқиши, тарихи ҳамда маънавиятини унутишга олиб келади. Ушбу жиноят орқали инсоннинг ҳуқуқлари поймол этилиб, унинг шаъни, қадр-қиммати оёқости қилинаётгани ғоят ачинарлидир. Бу жараёнда асосан ёш йигит-қизлар жабр кўраётганлигини ҳисобга олсак, унинг миллат келажагига нечоғлик салбий таъсир кўрсатишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан ушбу жиноятга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳамда бу иллатдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгилаб берилди. 

Шунингдек, тадбирда аҳолининг, айниқса, хотин-қизларнинг одам савдоси қурбонига айланишларининг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ушбу жиноятдан жабрланганларнинг Ватанга қайтишларига ҳамда жамиятда қайта тикланиб, мослашишларига кўмаклашиш, уларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази томонидан одам савдога қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, марказнинг "Долзарб алоқа тармоғи" фаолияти, одам савдосидан жабрланганларга кўрсатилаётган ёрдам, уларни ҳаётга қайтариш борасида қилинаётган ишлар, бу жараёнга ҳисса қўшаётган кўнгиллилар ҳақида кенг тушунча берилди.

Тадбир доирасида иштирокчиларга одам савдоси муаммоси, чет элларга чиқиш ва ўзга давлатларда бўлиш қоидалари, у ерларда норасмий ва ноқонуний ишлашнинг оқибатлари, ушбу жиноятдан жабрланганлар учун йўналтирилган ахборотни ўзида мужассам этган буклетлар тақдим этилди.

Шунингдек, акция давомида расмлар кўргазмаси ташкил этилиб, Қарши шаҳридаги мактаб, коллеж ва лецей ўқувчилари ўртасида расм чизиш бўйича кўрик-танлов ҳам бўлиб ўтди. Ғолиблар ва барча иштирокчиларга китоблар тўплами совға қилинди.

Акция давомида санъаткорлар, ижодий жамоалар огоҳликка чорловчи қўшиқ ва рақслари билан иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар

01-08-2019 |
Foto galereya