27 июль куни 204 нафар қашқадарёлик воҳадошларимиз муқаддас Ҳаж амалларини адо этиш учун Қарши халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Шунингдек, сурхондарёлик бўлғуси ҳожилар ҳам сафарга Қарши халқаро аэропорти орқали юборилмоқда.

Қайд этиш лозим, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муқаддас ислом динининг фарз амалларидан бири бўлган Ҳаж ва Умра зиёратларини юқори савияда ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

- Ҳаж - буюк ибодат, ислом дини арконларидан бири, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилла Усмонов. – Эътиборлиси, юртимизда ушбу муқаддас амални бажариш истагида бўлган кишилар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Зиёратчилар 32 кун давомида Саудия Арабистонида бўлишади, муборак шаҳарлар - Мадинаи мунаввара ҳамда Маккаи мукаррамада Ҳаж амалларини адо этишади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва саломатлигини муҳофаза қилиш борасида вилоят “Ҳаж” ва “Умра”  ҳайяти томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.

                                                                                                                      Суратларни Мурод  Комилов олган.

                                                                                                                    Вилоят ҳокимлиги  ахборот хизмати.

 

28-07-2019 |
Foto galereya