Сессияда жорий йилнинг 7-13 сентябр кунлари Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида қонунларни амалиётга татбиқ этиш, ҳудудни ривожлантиришга қаратилган қарорлар ва дастурлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижасида аниқланган ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров ўрганиш бўйича қуйидагилар ҳақида ахборот берди.

Вилоятда 2021 йил 1 ярим йили давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,3 трлн. сўмни, ўсиш суръати эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,7 фоизни ташкил этган;

Вилоят бўйича 8 трлн. 973 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, 5 трлн. 930 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган, чакана савдо айланмаси 6 трлн. 763 млрд. сўмни ташкил этган;

Маҳаллий бюджет даромадлари прогноз режаси (1 трлн. 39 млрд. сўм) амалда 125 фоизга (1 трлн. 297 млрд. сўм) бажарилганлиги натижасида бюджетга 258 млрд. сўм қўшимча манбалар шакллантирилган;

Пандемия шароитида моддий қўллаб-қувватлаш учун рўйхатга олинган 69298 та муҳтож оилага 141 млрд. сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилган, 72,4 минг нафар ишсиз фуқаро доимий ва мавсумий иш билан таъминланган;

Пандемия даврида 26 мингта корхонанинг жами 366,0 млрд. сўм миқдоридаги солиқ имтиёзларидан фойдаланган;

Давлат мулкини ижарага олган 529 та тадбиркорлик субъекти учун ижара тўловларини ҳисоблаш тўхтатилган ҳамда тадбиркорлик субъектларининг 5786 та кредит шартномаси бўйича 576 млрд. сўмлик тўловларнинг муддати узайтирилган;

Маҳаллийлаштириш дастурига асосан 28 та лойиҳа доирасида 40,7 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, қўшимча янги 325 та иш ўрни яратилган;

Жорий йилнинг январ-август ойлари давомида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида тижорат банклари томонидан ойида қарийиб 22,4 мингта жисмоний ва юридик шахсларга 593,4 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилган;

“Обод қишлоқ ва Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятда ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 343,6 км қувурлар ётқизилиб, 3 дона скважина, 4 дона резервуар, 1 дона насос станциясини ва 2 та сув иншоотида тўлиқ қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган. Жумладан, Деҳқонобод тумани аҳолиси ичимлик суви таъминоти яхшилаш мақсадида 2018 йилда бошланган 281,5 млрд. сўм қийматидаги  “Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси доирасида 78,8 км узунликдаги магистрал сув қувурлари тортилиб, 2 та  сув сақлаш ҳовузи ҳамда 1 суткада 10 800 м3 сув йиғиш иншооти қурилиб фойдаланишга топширилган;

Ўтган давр мобайнида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда сақлаш ишлари, шунингдек, “Обод қишлоқ ва Обод маҳалла” дастурлари ва ички хўжалик йўллари дастурлари доирасида 772,6 км автомобил йўллари таъмирланган,  ички хўжалик йўлларидаги авария ҳолатидаги 24 дона кўприклар замонавий талаблар асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Шунингдек, халқ таълими соҳани ривожлантириш борасида 781 та мактабларда 520,1 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганлиги ва 37 та лой пахса ҳамда аҳоли уйида жойлашган мактаб филиаллари ўрнига янги замонавий бинолар қуриб битказилиш ҳамда 2021 йил якунида болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражасини 46,3 фоиздан 58 фоизга етказиш мақсадида 9 та давлат, 12 та хусусий, 2 та давлат-хусусий шерикчилик, 590 та оилавий, жами 613 та мактабгача таълим ташкил этилиб, уларга 18 278 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар қамраб олиниши ва яна бир қанча соҳалар бўйича ҳам ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилди.

13-09-2021 |
Фото галерея