Ассалому алайкум азиз ва мўътабар онахонлар, дилбар ва қадрли опа-сингиллар!

Сўзим аввалида сиз нафосат ва меҳр соҳибаларини, сиз орқали бутун қашқадарёлик аёлларни 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклайман. Қалбимдаги юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Сизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашингиз, ўз истеъдод ва қобилиятингизни тўла-тўкис намоён этишингиз  тарафдоримиз ва бу борада ҳамиша ўзимизни бурчли сезамиз.

Мамлакатимизда хотин-қизлар учун қулай шарт-шароит яратилиб, уларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек: Ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24-фервал куни вилоятимизга ташрифлари давомида қашқадарёлик хотин-қизларининг бахтли ҳаёт кечириш учун хизмат қиладиган бир қатор янгидан-янги лойиҳалар ҳақида айтдилар.

Ислоҳотларнинг самарасини ҳар бир аёл ўз ҳаётида, эртага эмас, бугун кўриши учун барча зарур манбалар, маблағлар сафарбар этилиши таъкидланди.

Албатта, аёлни улуғлаш – оилани, ватанни, ҳаётни улуғлашдир.

Халқимиз азал-азалдан онага, аёлга – Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси дея эҳтиром кўрсатади.

Инсониятнинг тараққий этишига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир, олим, алломаларни дунёга келтирган, тарбиялаган, уларни улуғвор ишларга руҳлантирган буюк зот – она, аёлдир!

Янги Ўзбекистон стратегиясида инсонни қадрлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш масаласига устивор аҳамият қаратилмоқда.

Хотин-қизлар учун кенг имкониятлар яратиш орқали ислоҳотларнинг шиддаткорлигига эришамиз.

Хабарингиз бор, бу борада мамлакатимизда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий замин, балки самарали база ҳам шакллантирилди. Жумладан:

ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёлларнинг иштироки учун тенг имконият ва ҳуқуқларни яратиш;

хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, қишлоқ жойларида яшаётган аёлларимизни тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш;

ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш;

адолатли ва сифатли таълимда хотин-қизларнинг улушини ошириш;

меҳнат шароитларини яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш ишлари янги босқичда амалга оширилмоқда.

Мўътабар опа-сингиллар!

Вилоятимизда бугун 1 млн 700 мингдан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Уларнинг 8 фоиздан ошиғи таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар соҳасида меҳнат қилмоқда.

Савдо саноат соҳасида 82 мингга яқин, ахборот ва коммуника-сиялар соҳасида 1 381 нафар аёлларимиз ўз салоҳиятларини намоён этишмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 4 нафар, вилоят, туман, шаҳар кенгашларида 126 нафар депутат аёллар фаолият юритмоқда. Бугун қашқадарёлик опа-сингилларимиз орасида 20 га яқин профессор, фан докторлари, 150 дан ортиқ фан номзодлари, фалсафа докторлари илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Албатта, аёлнинг илм-фан билан шуғулланиши бу оила учун, жамият учун, миллат учун юксак шараф!

Ҳурматли Президентимизнинг шахсан ташаббуслари билан 2022-2023 йил ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилди, бунинг учун ҳар йили 200 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 та мақсадли квота ажратилади. Хотин-қизлар учун имтиёзлик таълим кредитлари ажратилмоқда.

Бу эса, донишмандларимиз айтган “Бир қиз боланинг ўқимишли бўлиши – бутун оиланинг, жамиятнинг ўқимишли бўлишидир” ҳикматнинг ҳаётий ифодаси назаримда.

Кейинги йилларда хотин-қизларнинг  муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди.

Вилоятимизда “Аёллар дафтари” га киритилган 60 289 нафар хотин-қизнинг 60 182 нафарига ёрдам берилди. 21 мингга яқин талабгорлар иш билан таъминланди. 3 520 нафарига имтиёзли кредитлар, 2 970 нафарига эса субсидиялар ажратилди.

Уй-жойга эҳтиёжи бўлган 178 нафар опа-сингилларимизга уй берилди.

2022 йилда амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар учун барча манбалар ҳисобидан 87 млрд сўм маблағ сарфланди.

Мақсад ягона - опа-сингилларимиз ҳаётдан рози бўлиб яшасин, қувонсин, севинсин ва бор меҳрини оиласига, фарзандларига берсин.

Бугун вилоятда тадбиркорлик соҳасида ишлаш иштиёқини билдираётган хотин-қизларнинг сони йилдан-йил тобора ортмоқда. Бугун улар вилоятимизда 13 199 нафарни ташкил этади.

Касаначилик билан шуғулланган хотин-қизлар томонидан ўтган йил 10 122 та иш ўрни яратилди.

Аёл доно, ҳунарманд, тадбирли бўлса – оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳамжиҳатлик, ўсиш бўлади. Меҳр-муҳаббат мустаҳкамланади. Эл юртга фидойи ўғил-қизлар камолга етади.  

Қайси соҳа ёки йўналишни олмайлик – у давлат ва жамият қурилиши бўладими ёки ишлаб чиқариш тармоқлари, фермерлик ва тадбиркорлик, тиббиёт, таълим, фан ва маданият соҳасининг ривожида Сиз азиз аёлларнинг муносиб ҳиссангиз бор.

Вилоятимизда юксак давлат мукофоти, орден, медаллар билан тақдирланган хотин-қизлар 362 нафарни, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари 28 нафарни, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибалари 68 нафарни ташкил этади.

Бу йили уларнинг сафига беш нафар юксак давлат мукофоти, 2 нафар Зулфияхоним издоши ва 19 нафар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибалари қўшилди.

Вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик номидан тақдирланганларни муборакбод этамиз.

Янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга салмоқли улуш қўшаётган хотин-қизларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ҳурматли хотин-қизларимиз!

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз равнақи учун самарали бўлган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтсам:

умидимиз нишонаси бўлган қизларимизнинг ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, IT технологиялари ва камида иккита хорижий тилни мукаммал билишига эришиш;

таълимда, тиббиёт соҳасида фидойилик билан ишлаб, натижа кўрсатаётган хотин-қизларни хорижда тажриба алмашишини кенг жорий этиш;

эрта никоҳни олдини олиш, оилани режалаштиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда уйма-уй тарғибот ишларини кучайтириш, бунда кўпни кўрган, элда обрўйи бор оқила аёлларимизнинг маърифатидан фойдаланиш;

маҳалла фаолларини янада фаол бўлишга чорлайман.

Ҳудуддаги ҳар бир оиланинг паспортини ишлаб чиқиш, хотин-қизларнинг эҳтиёж ва таклифларини ўрганиб, ижрога йўналтириш;

раҳбар аёлларнинг ишларини оммалаштириш, улар иштирокида корхона, ташкилот, муассасаларда машғулотлар ташкил этиш;

қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш каби ғоят долзарб вазифалар доирасида бирлашиб, масъулият билан меҳнат қилишга даъват этаман.

Бу орқали, агар аёл зиёли бўлса, фарзандлари албатта ватанпарвар бўлади, деган тамойилни бажарилишига эришамиз.

Зеро, Президентимиз бугунги табрикларида таъкидлаганларидек, “Бугунги ўта оғир ва мураккаб замонда биз ўз олдимизга улкан вазифаларни қўймоқдамиз. Уларни бажариш албатта осон бўлмайди. Лекин, бу шарафли йўлда бизга чексиз куч ва мадад берадиган мард ва олижаноб халқимиз, муҳтарама оналаримиз, азиз опа-сингилларимиз бор экан, кўзлаган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз.”

Азиз опа-сингиллар!

Сизнинг қувончингиздан куч оламиз. Сизга бахт, шодлик тортиғ этиб бахтли бўламиз.

Ҳамиша эъзоз, эҳтиромга муносиб эканлигингизни баралла айтамиз!

Сиз учун фаровон ва обод турмуш барпо этишда ҳурматли Президентимиз раҳбарликларида ўзимизни ҳамиша бурчли сезамиз.

Оилангиз ва элу юртимиз бахтига соғу саломат бўлинг. Хонадонингизни тинчлик, хотиржамлик, файзу барака тарк этмасин.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз опа сингиллар, муҳтарама онахонлар!

Эътиборингиз учун раҳмат!

07-03-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея