Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ишчи гуруҳининг вилоятда олиб борган ўрганишлари якуни бўйича палата раисининг ўринбосари Баҳодир Турапов ва вилоят ҳокими Зойир Мирзаевлар ахборот берди. 
 
Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 13.2 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 119 фоизга ошган. Шунингдек, 9 ойликда бюджетга 2.188 млрд. сўм тушум туширилиб, 124 фоизга бажарилган.
 
Аммо, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Палата ўрганишларида 27 та йирик корхоналар томонидан сотилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар қиймати 9 ойлик статистика ҳисоботларида 1.141. млрд. сўм, солиқ маълумотларида эса 1.018 млрд. сўмни ташкил этиб, 127 млрд. сўм фарқ юзага келгани аниқланди.
 
 
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қарзи 61 млрд.га, юридик шахслар мол-мулк солиғи қарзи 49.1 млрд.га етган. Бу ҳолатлар аҳоли ўртасида солиқларни ўз вақтида тўлаш бўйича тарғибот ишларини самарали ташкил этилмаганидан далолат бериши таъкидланди. 
 
- Қарздорлар ичида ташкилот раҳбарлари, Яккабоғ ва Қарши тумани ҳокимларининг ўринбосарлари ҳам борлиги ачинарли ҳолат, - деди Зойир Мирзаев. 
 
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга 10,3 млрд. сўмлик субсидиялар, 209,6 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар, 496 нафар талабаларга 2,2 млрд.сўм контракт пуллари тўлаб берилган қувонарли. Аммо, айрим сектор котибларининг эътиборсизлиги сабаб Ёшлар агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан тақдим этилган платформа (электрон база) маълумотлари ҳамда Марказий банкнинг кредит ажратилганлиги тўғрисидаги электрон базаси билан солиштирилганида кредитлар ажратилган 588 нафар ёшлар бўйича фарқ аниқланди. 
 
 
Шунингдек, йиғилишда қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ҳудудий инвестиция ва маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари ҳам танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди ва юқоридаги барча соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш, ҳар бир соҳани ривожлантиришда масъуллар масъулиятини ошириш бўйича ишларни тўғри ташкил этиш кераклиги таъкидланди. 
13-11-2021 |
Фото галерея