Айни кунда Қашқадарё вилоятида 22 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари фарзандлари ва невара-чеваралари оғушида фаровон умргузаронлик қилиб келмоқда.

5 майдан 7 майга қадар вилоятда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида президент фармонига мувофиқ уруш фахрийлари ва ногиронлари ҳолидан хабар олинди. Вилоят раҳбарлари ва жамоатчилик уруш фахрийлари хонадонларида бўлиб, Президент табриги, пул мукофоти ва ҳомийларнинг совғаларини етказди. 

Қарши шаҳри Комилон маҳалласида яшовчи Ахмат ота Жалилов ўзининг 96 ёшини қарши олган. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев фахрийнинг хонадонида бўлиб Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

- Урушга кетишдан аввал ҳозирги “Қашқадарё вилоят театри”да актёр бўлиб ишлаганман, – дейди Ахмат ота. – Уруш бошлангач, кўпчилик юртдошларим қатори мен ҳам фронтга кетдим. У ерда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик. Урушда қанчадан-қанча инсонлар кўз ўнгимда ҳалок бўлишди. Бугунги дориламон кунлар ва кўрсатилаётган эътибордан мамнунман. Умрим узоқлиги ҳам шундан бўлса керак. Илоҳим, халқимиз ҳеч қачон уруш кўрмасин.

Ҳар бир уруш қатнашчиси хонадонига вилоят ташкилотлари раҳбарлари, туман-шаҳар ҳокимлари бириктирилиб, уларнинг саломатлиги ва хонадонлари ободлиги ишларида кўмакдош бўлинмоқда.

 

Аввалроқ, Деҳқонобод туманида яшовчи 99 ёшли 2-жаҳон уруши қатнашчиси Абдулҳаким бобо Жабборовга Президент номидан махсус совға ва 12 млн сўм пул мукофоти топширилгани, бундан ташқари ҳокимлик кекса «ветеран»нинг уйини таъмирлаш учун қўшимча 20 млн сўм ажратгани хабари берилган эди. Шунингдек, вилоятимиздаги энг ёши улуғ фахрий Қамаши туманида истиқомат қилади. Рўзибой бобо Сатторов 112 ёшда.

 

7 май куни Қарши шаҳри Мустақиллик шоҳкўчасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг ҳарбий бўлинмаларига янги замонавий техникалар топшириш маросими ўтказилди.

Байрам арафасида ташкил этилган тадбир доирасида ҳарбий қисмларнинг вакилларига ноқулай йўл ва ҳудудларда ҳам бемалол ҳаракатланиш ҳусусиятига эга бўлган 100 дан ортиқ КамАЗ 43118 6x6 ва КамАЗ 4326 4x4 русумли бортли тентли автофургонлар топширилди. “Uz AutoTRAILER” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур автомобиллар ҳарбий хизматчилар шахсий таркиби ва юкларни ташиш ҳамда турли техника ва қурол-аслаҳани шатакка олган ҳолда кўчириш учун мўлжалланган. Йўлтанламас автофургонлар ҳарбий хизматчилар ва юкларни ёмғир, қор, қуёш, шамол ва чангдан ишончли ҳимоя қилади.

Янги ҳарбий техникани топшириш маросими доирасида Мустақиллик майдони яқинида дала чодирлари тикланиб, қурол-яроғлар ва махсус алоқа воситалари кўргазмаси уюштирилди. Тадбир иштирокчилари ҳарбийларнинг дала ошхонасида пиширилган таомларни таътиб кўришди.

Шунингдек, Миллий гвардиянинг вилоят Қўриқлаш хизмати бошқармасига 10 та “Нексия 3” русумли хизмат автомобиллари топширилди.

Вилоят Ёшлар агентлиги ва Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими фаоллари ҳамда кўнгиллилар миллий байроғимиз рамзи туширилган “Шараф лентаси”ни аҳоли вакилларига улашиш акцияларини бутун вилоят бўйлаб ташкил этмоқда.

Шу куни Тошкент шаҳридаги "Ғалаба боғи"да ўтказиладиган асосий байрам тадбирида иштирок этувчи 4 нафар фахрийларимиз пойтахтга кузатилди. Қаҳрамонларни вилоят ҳокими бошчилигидаги раҳбарлар ва кенг жамоатчилик "Қарши темир йўл" вокзалидан Тошкент шаҳрига кузатиб қўйди.

Маълумот учун, вилоятда 9 май кунги байрам тадбирларида Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиши назарда тутилган.

Аҳрор Содиқов,

вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.

 

08-05-2021 |
Фото галерея