Фарзандлар қучоғида, оила даврасида яна бир кун бошланди. Муборак бўлсин! Дастурхон тузаб, бир пасдан сўнг ўғил-қизларни ёнингизга олиб нонушта қилиш истагидасиз. Чаққон уннашингиздан биляпманки, улгуриш керак.

Соат 8.30 да уйимиздаги мактаб ишини бошлайди. Қайси синфнинг дарслари қачон эканини ота-оналар ёд билиб олди. Тўғриси, боғча, мактаб ишидан-да масъулиятли ва муҳими мароқли юмушнинг ўзи йўқ. Залворини-ку айтиб ўтирмайман. Машҳур латвиялик шоир Райнис айтганидек: аввалига биз болаларимизга ўргатамиз, сўнгра ўзимиз улардан ўрганамиз. Кимки буни хоҳламас экан, ўз давридан орқада қолади. Ҳа, деярли бир неча ҳафтадирки, буни янаям англамоқдамиз. Шу пайтга қадар, “Она, мана бу саволни жавобига ёрдам беринг?”, деган мурожаатга “Ана устозингга телефон қил, айтади”, дердик совуққонлик билан. “Дада, математикадан мисол ишлашим керак?”, илинж билан боққан қизимизга: “Математика? Ана телефонда калькулятор бор-ку, шуниям билмайсанми?”, дея жавоб берганмиз. Муккасидан кетганлар учун вақт ўғриси, муносабатлар кушандаси бўлган телефонга боғланишнинг оқибатлари эмасмиди, бу?

Бугун эса... Уйимиз балки ўзи тордир, аммо дарсларнинг овози, ўқитувчилар билан онлайн қилинаётган мулоқотлар хонадонларни катта, кенг қилаётгани рост. Оила, таълим маскани ҳамкорлиги нақадар натижадор экани тобора аён бўлмоқда. Уйда ўтириб ота-онаси билан биргаликда ижод қилаётган ўғил-қизларнинг ишини, меҳнати намуналарини кузатиб шундай хулосага келмоқдамиз. Улар орасида онлайн-танловларда иштирок этиб, совриндор бўлганлари ҳам бор. Фарзанд телефоннинг имкониятларини билмоқда. Онлайн-олимпиада, онлайн-танловда иштирок этиш учун қулай восита эканини кўряпти.

Қизим, бу ташвиш синамоқда ҳар биримизни. Муҳими, ишлар тўхтаб қолгани йўқ, давом этмоқда. Онлайн-тўловлар, харидлар, онлайн-мулоқот, онлайн-сабоқлар, энди раҳбарлар ҳам аҳолини онлайн қабул қилмоқда. Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида рақамли иқтисодиётга ўтамиз, бу – давр талаби деган эдилар. Замин бор экан-да. Бугун қанча маблағ, қанча сарф-харажат эвазига бу ишлар мана шу ташвишли кунларда тезкорлик билан амалга оширилмоқда. Осонмас, аммо қилиб бериляпти, бу – нимадан, давлатнинг қудрати, салоҳиятидан – дейдилар дадам, меҳнат фахрийси Арслон Аминов телефон орқали суҳбатда. – Мен телевизордаги дарсларни кузатяпман. Ўқитувчиларнинг маданиятига, уларнинг вақтдан унумли фойдаланиб сабоқ бераётганига, бунинг учун яратилган шарт-шароитга қойил қолиб ўтираман-да. 30 мартдан 3 апрелга қадар 400 та дарс эфирга узатилибди, яна уч тилда. Кунига 100 та дарс дегани, бу. Давлат бўлиб, миллат бўлиб шаклланганимиз шу пайтларда кўринади. Ахир шу телевизорда тинмай концертми, киноми қўйиб қўйса ҳам, бўлаверардику, тўлдириш учун. Қарагин-да, ҳукумат бор имкониятни ишга солмоқда. Мактаб, боғча дарслари бериляпти. Энди ғамхўрлик, эрта учун қайғуриш бу... Ташвишли дамларда доим бир-бирига елкадош бўлган, енгиб келган халқмиз. Бунга тарих гувоҳ. Хавотирланма, ҳаммаси ортда қолади, насиб...

Карантин боис бир неча ҳафтадирки, суҳбат телефонда кечади. Гапимиз тугар тугамас, кўнгил бир муҳтожлик сезади. Дийдорга етмайди-да, шунинг учун яна дилни ёритадиган ҳикмат қидирасан, мана у...

“Дарс ва тарбия орасида бироз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан айрилмайдиган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидир”. Тарбиянинг ҳикматхонаси бўлган Абдулла Авлоний ижодидан бу каби пурмаъно сўзларни кўплаб келтириш мумкин.

“Ўқувчиларимни соғиндим, жудаям соғиндим. Уларнинг эгри-бугри ёзган ҳарфларини тўғрилаётганимда беғуборлик билан қараб турганларини, ўрганишга бўлган иштиёқини кўз олдимга келтирсам борми? Муқаддас деган сўз доимо мактаб билан бирга айтилади, боисини тушунгандек бўляпман. Буни вужуди, бутун борлиғи билан ўқитувчи бўлган касб ходимлари билади, опа”, – дейди Қарши шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Моҳидил Мейлиева. – Бўр билан доскага ёзиш, жажжи қўлчалардан ушлаб ўргатиш... буни ҳеч нарса билан тенглаб бўлмайди-да. Тезроқ ўтсин, бу кунлар. Яна мактабларимиз ўқувчилар овозига тўлсин.

Озиқ-овқат дўкони ёнидаги “Китоблар” бўлими ишлаб турибди. Кузатдим, ўрта ёшдаги уч киши навбати билан китоблар харид қилишди. Қорин ташвишидан ортиб китобга мурожаат этишнинг ортида яхшилик бор. Хонадонга зиё олиб бориш нияти мужассам. Карантиндаги зерикишга мутолаа гўзал ечим эканини англаганларнинг сони ортмоқда. Айтишади-ку, бошга ташвиш тушганда дўст ёнингда туради, деб. Тўғри йўлни кўрсатиб, содиқ дўст бўлиб китоб турса, зулмат ёришади, ташвишлар арийди. Муҳими тафаккур бойийди, бу эса сабоқ бўлиб, фарзандга, неварага ўтади.

Мамлакатда синовли кунлар кечаётган бир дамда кундалик юмуши, чора-тадбир-у, хайр саховат амали билан ҳисса қўшаётган, ташаббускор бўлаётган ўтюраклилар олдида бир ҳисни туясан. Биродарлик! У танишми, нотанишми, дўстми, душманми – тани-жони соғ бўлиши, вирус юқтирмаслиги учун дилдан куйинади. Бу балони енгиш ва ишда ҳам, меҳнатда ҳам, тажриба-ю фазилатда ҳам ўрнак бўлиш хоҳиши бўй-басти билан ўзини кўрсатади. Карантин ҳудудидан қочиб кетиб, ўзи эмас боласиниям саломатлигини хавфга қўйган эр-у хотин ёки олиб келинган озиқ овқатни “мен буни болаларимга едирмайман”, деб нописанд бўлаётган аёлгина ҳақида ўқиб миллатга баҳо берманг. Бўлади, унақалар ҳам учраб туради, беш бармоқ баробар эмас-ку. Хайр саховат ишларига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб, исмини ошкор этмаётган, кимнидир мушкулини осон, юкини енгил қилаётган савобталаблар учун ҳамиша қўлим кўксимда.

Таҳликали кунларни баҳамжиҳат енгиш учун бир оила эгаси бўлган ота-онадан қанчалик масъулият талаб этилаётганини ҳис этяпмиз. Энди катта оила – Ўзбекистон учун тинмай жон куйдираётган, фуқароларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тинчлигини сақлаш, ўзга юртда дарбадар бўлмаслиги йўлида қайғураётганларга қанчалик мушкул эканини биляпсизми? Ахир бу каби синовли кунлардан халқимизни эсон-омон, беталофат олиб чиқишни ўйлаш, шуни орасида иқтисодий, маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий масалаларни ортда қолдирмай баробар олиб боришнинг юки осон эмас. Мана шу ишга ҳисса қўшиш учун– тиббиёт ходимларининг кўрсатмаларига амал қилиш, ҳуда-беҳуда кўчага чиқмаслик, уйда фарзандлар таълим-тарбиясига янада эътиборли бўлиш вазифаси илгари сурилмоқда, холос. Бу асло қийин эмас. Қай томонга боқсангиз бугун шу ёзувга, даъватга кўзингиз тушмоқда: “#Уйда қолинг!”

Албатта, уйда қолинг! Сиз Ўзбекистонга соғлом керак эканлигингизни унутманг.

Зиёда АМИНОВА,

журналист

 

09-04-2020 |
Фото галерея