Сўлим ва бетакрор табиатга эга бўлган Шаҳрисабз туманининг "Лочин" болалар дам олиш оромгоҳи туман ёшларини бирдамликка чорловчи, ватанни севишга ва уларни маънавий жиҳатдан етук ҳамда комил инсон этиб тарбиялаш мақсадида ташкил этилган "Маҳалла етакчиси - Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси" шиори остидаги ёшлар байрамига мезбонлик қилди.

Вилоят сектор раҳбарлари ҳам иштирок этган фестивал аввалида тумандаги 57 та маҳалла фуқаролар йиғинларида иш бошлаган ёшлар етакчиларининг иш самарадорлигини ошириш мақсадида уларга замонавий компьютер жамланмалари тақдим этилган бўлса, яна 37 нафар турли ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандларининг ўқув-шартнома пуллари тўлаб берилгани тўғрисидаги сертификатлар ҳам топширилди.

Шунингдек, ўтказилган спорт мусобақалари, ёшлар ижодига оид намумалар, миллий рақс ва наволар, ёш чемпионларнинг чиқишлари, ҳарбий-ватанпарварлик ва турли кўргазма ҳамда "Раҳбар ва ёшлар" учрашувлари барчага бирдек хуш кайфият улашиб, сумалак сайли, миллий ва баҳорий таомлар намойиши фестивалга янада ўзгача мазмун бағишлади.

Кечги дастурларда барчани гулхан атрофида бирлаштирган фестивал юртимизнинг ёрқин ва таниқли эстрада юлдузлари Маҳмуд Номозов ва Алижон Исоқовлар иштирокида концерт чиқишлари билан давом этди.

28-02-2022 |
Фото галерея