Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари “Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман қадимий ва бой тарихга эга Шаҳрисабз шаҳрида ҳам ўз ишини давом эттирди.   

Халқаро даражадаги анжуманда АҚШ, Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Уммон, Эрон, Покистон ва Озарбойжон каби 14 мамлакатдан 18 нафар ҳамда юртимизнинг нуфузли тарихчи ва Темуршунос олимлари иштирок этди. Дастлаб анжуман иштирокчилари Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишди.

Шундан сўнг анжуманнинг расмий очилиш тадбири бўлиб ўтди ва унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам иштирок этиб, буюк саркарда Амир Темур ҳаётининг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ва келажак авлодлар учун қолдириб кетган ўчмас бой тарихи ҳақида сўзга чиқиб, анжуман фаолиятига мувафаққият тилади.

Шунингдек, очилиш қисмида намойиш этилган “Амир Темур – буюк саркарда ва давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси” мавзуидаги видеоролик анжуман қатнашчиларида илиқ таасурот қолдириш баробарида, ўзларига қўшимча маълумот сифатида қабул қилишди.

Кун тартибига асосан, анжуман тўртта шўъбаларга бўлинган ҳолда “Амир Темур ва темурийлар даври манбашунослиги ва тарихшунослиги масалалари”, “Темурийлар даври давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар”, “Темурийлар Ренессанси: илм-фан, маданият ва бунёдкорлик”, “Ўзбек ва жаҳон адабиётида Амир Темур образи” мавзулари бўйича давом эттирилди.

30-09-2021 |
Фото галерея