Аслида қандай бўлган?

Қарши "Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар интернат уйида ақли заифлиги ўта оғир ва чуқур даражадаги ногиронлиги бўлган болалар тарбияланади. Ўзбекистон Peспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 575 сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан ишлар олиб борилади. Муассасада малакали психотерапевт врачлар фаолият олиб боради. Болаларга психотроп дори воситалари болалар психиатри томонидан тавсия қилинган даво муолажалари ёрдамида тиббий даволаш усуллари қўлланилади.

Видео бўйича баъзи ҳолатларга раддия:

Биринчидан, қўли боғланиш ҳолати.

Бемор бола руҳий аффект ҳолатида ўзига ва атрофдагиларга нисбатан эҳтимолий ҳавфли ҳаракатлар қилиши мумкин. Оқибатда ўзига ва атрофдагиларга тан жароҳати етказиши мумкин. Шу сабабли мутахассис врач тавсиясига кўра қаттиқ назорат ўрнатилади, дори воситалари таъсир қилгунга қадар ижтимоий ҳавфли ҳаракатларни олдини олиш мақсадида мавжуд тинчлантирувчи кўйлак кийдириб қўйилади, узоғи билан 2 соат. Ушбу ҳолат психатрия қонунчилигига кўра вақтинчалик фиксация деб аталади.

Иккинчидан, бола қўлидан овқат олиниши ҳолати.

Маълумот юзасидан айтиш мумкинки, руҳий хаста бола тўқлик ҳиссини билмайди ва шунингдек, у бошқа боланинг овқатини олиб ейишни бошлайди. Видеода акс этилган ҳолат юзасидан айтиш мумкинки, тўқлик ҳиссини билмаган бола қўлидан овқат олиниб қўйилган. 

Лавҳадаги тарбияланувчи боланинг қўлидан олиб қўйилган коса, аслида шу бола томонидан бошқа боладан олиб қўйилганлиги сабабли ўз эгасига қайтарилган.  

Учинчидан, бола хонада ёлғиз ухлаб қолиш ҳолати.

Маълумки, ҳар қандай бола ўз уйида ҳам аниқ бир жойда эмас, бошқа жойларда ухлаб қолади ва она ўз боласини жойига ётқизиб қўяди, ушбу видеодаги ҳолатда эса бола руҳий ҳолатда шу ерда ухлаб қолган ва бу ҳолат вақтинчалик, кейинчалик тарбиячилар томонидан ўз жойига ўтқазилади.

Тўртинчидан, ётоғига боғланган бола.

Бола кўзига ва бурнига қўлини тиқиши, тирноғини тишлаши, бурнини қонатиш ҳолатлари мумкин бўлган ҳолатларда психатрия қонунчилигига кўра вақтинчалик фиксация ҳолатида болани 2 соатгача бундай сақланиш қонунчиликка кўра тасдиқланган.

Бешинчидан, болалар эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга

Мурувват уйида болалар сиқув ҳолатида тарбияланмайди, улар видеода қаровсиздек кўриниши мумкин аммо хонада тарбиячи бор ва болаларнинг эркин ҳаракатланишига имкон яратилган.

Ҳар бир руҳиятида нуқсони бўлган болани назорат қилиш жуда оғир, бир неча дақиқа қаровсиз қолдирсангиз ўзига ва бошқаларга нисбатан тожовуз эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундай экан бу болалар умуман қаровсиз қолдирилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 майдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги 690 сонли Қонунининг 13 моддасида Руҳий ҳолати бузилган шахсга ташхис қўйиш, уни даволаш ва реабилитация қилиш учун қонунчилик билан руҳсат этилган усуллар, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган дори воситалари ва тиббий буюмлар қўлланилади.

Ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари оғир психологик ҳолатда бўлган болаларига ўзлари қараш имконияти мавжуд эмас. Баъзи ота-оналар давлатимиз томонидан ногиронлиги бор оилаларга имтиёзли уй-жой, нафақа тайинланишига қарамай уларга ғамхўрлик қилишдан воз кечишган. Чунки бу болалар доимий психиатр врач назоратида бўлиши керак. Баъзи руҳий носоғлом болаларда ўзини ўзи уриш, сочини, юзни юмдалаш, ўз ахлатини еб қўйиш каби ҳолатлар учрайди. Бундай болалар билан ишлаш жуда қийин ва узоқ муддатли муолажа талаб этилади.

Лавҳалар ҳақида ўз фикрини билдирган врач психиатр эмас балки педиатр бўлиб руҳий хасталикка чалинган болалар билан ишлаш қанчалик оғир эканлигини шу каби муассасаларда ишлаётган тиббиёт ходимларидек билмаслиги сабабли ходимларни ҳаракатларини нотўғри баҳолаган. Болаларни хўрлаш, уриш, устидан кулиш ҳолатлари кузатилмасада бўрттириб салбий изоҳланган. Бу каби фикрларни билдиришдан олдин ушбу бўлимларда камида бир соат бўлиб, шундан сўнг фикр билдирса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳар бир хонада кузатув камералари борлигини билган ходимлар болаларга нисбатан қўпол муомалада бўлишдан анча йироқда ва ходимлар ўз ишларига нисбатан маъсулиятсиз бўлсалар камерага тушишларини ҳамда бу учун уларга нисбатан амалдаги меҳнат қонунчилигида белгиланган интизомий чоралар кўрилиши ҳаттоки меҳнат шартномалари бекор бўлиб ишдан хайдалишлари мумкинлигини билишадилар. Шунга кўра ходимлар томонидан уларга нисбатан қўполлик ишлатилмаган.

Шундай бўлишига қарамасдан Қарши Мурувват уйида тарбияланаётган ва даволанаётган болалар учун спорт, санъат каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, кўпгина ижобий натижалар қўлга киритилган. Бундан ташқари рассомчилик, тўқувчилик, тикувчилик, зардўзлик каби тўгараклар ҳам ташкил этилган бўлиб, болаларга ҳунар ўргатиб келинмоқда.

Қолаверса, Чет давлатдаги (Москва) Эндокринолог-педиатр врач бу ҳолатларга изоҳ бериши тушунарсиз. Болалар врач психиатри бу ҳолатга изоҳ берса тушуниш мумкин эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги 139 сонли Қонунининг 10 моддасига кўра ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

"Озодлик радиоси" интернет нашри вазиятни тўлиқ ўрганмасдан Давлатимиз сиёсатига зид бундай ҳолатларни олиб чиқиши журналистик принципига зид деб баҳолаймиз.

 

                                                                                                                  Қашқадарё вилояти Тиббий
                                                                                                                  ижтимоий хизматларни 
ривожлантириш
                                                                                                                  бошқармаси бошлиғи 
                                                                                                                  Ш.Қ.Ҳайдарова

10-02-2022 |
Фото галерея