Мамлакатимизда декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланган. Эсласангиз, аввалги йилда ҳам ушбу сана кўтаринки ва ўзгача руҳда ўтказилган эди.

Бу галги байрам тадбири янада ўзгача шукуҳ, шодумонлик ва кўтаринкилик кайфиятида бўлиб ўтди.

Шу куни вилоят ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ҳамда ҳосил байрамига мутаносиб пано ва шиорлар, саҳна эса гуллар билан байрамона безатилди. Қишлоқ хўжалиги кўргазмалари намойиш этилди.

Тантанали тадбир очилишида Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Муҳтарам Президентимизнинг соҳа вакилларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Соҳа вакилларига ўзининг чуқур миннатдорчилигини билдирди.

“Айни шу кунларда, барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам деҳқонлар тили билан айтганда “ғалвир сувдан кўтарилиб” сарҳисоб қилинмоқда. Якунига етаётган жорий йилда, қийинчиликларга қарамасдан, вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари катта марраларни забт этишди. Ҳар қарич тупроқни табаррук билиб ва ҳаётимиз тўкислигини таъминлашга ҳисса қўшишни олий мақсадига айлантирган – қишлоқ хўжалиги ходимларининг мардонавор меҳнати маҳсулидир” – деди вилоят раҳбари.

Ўз навбатида Зойир Мирзаев жорий йилда соҳада эришилган ютуқларни санаб ўтди.

“Якунига етаётган жорий йилда, қийинчиликларга қарамасдан, вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари катта марраларни забт этишди. Якунига етаётган жорий йилда, вилоятимиз бўйича 808,6 минг тонна ғалла, 383,4 минг тонна пахта, 714,8 минг тонна сабзавот, 187,9 минг тонна картошка, 315,7 минг тонна полиз маҳсулотлари, 149,5 минг тоннага яқин мева, 2013 тонна пилла, 132,4 минг тонна гўшт, 523,8 минг тонна сут ва 270,9 млн.дона тухум тайёрлашга эришилди. Жами бўлиб 19 трлн. 904 млн. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Ғузор туманида илк бор соя етиштирилди. Чироқчи ва Косон туманида етиштирилган 12,4 минг тонна тарвуз, қовун маҳсулотлари четга экспорт қилинди. Ҳосилдорлиги паст бўлган 1,8 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилди, 1,4 минг гектар ерда интенсив боғлар, 118 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо қилинди. 46,3 минг гектарда сабзавот ва картошка, 63,3 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 74,1 минг гектарда озуқа экинлари етиштириш орқали ўтган йилдагига нисбатан 106 фоиз кўп фойда олинди.

Тантанали тадбир давомида қишлоқ хўжалиги ходимлари тақдирланди. Таниқли суҳандонлар Дилноза Кубаева ва Асадилла Набиев томонидан фидойилар тақдирланишларидан аввал ҳар бир туман учун битилган шеърий сатрлар ўқилди. Вилоят ҳокимининг фармойишига асосан соҳа ривожига ҳисса қўшаётган, меҳнати орқали натижаларга эришаётган соҳа вакиллари, ОАВ ҳамда блогерлар фахрий ёрлиқ ва совғалар учун сертификатларни вилоят секторлари ва ташкилот раҳбарларидан қабул қилиб олишди.

Шунингдек, бир гуруҳ соҳа фидойилари Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғига асосан “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

“Жўра бобо Бойқулов” фермер хўжалиги раҳбари Бойқулов Ҳолмурод мазкур йилда вилоятда соҳа қаҳрамони дея эътироф этилди. Машаққатли жонкуярлиги эвазига лалмикор ерда юксак оқ олтин хирмони яратган меҳнаткаш чироқчилик фермер фидокорона меҳнатлари учун "Nexia-3" автомашинаси билан тақдирланди.

Тадбир давомида эл ардоғидаги суҳандонларнинг чиқишлари, хонандалар ва бахшиларнинг тароналари даврага хуш кайфият бахш этди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

14-12-2020 |
Фото галерея