Вилоят ҳокими маълумотларига кўра, жорий йил вилоятдаги умумтаълим мактабларини 47 681нафар битирувчи тугатди, шундан 38 470 нафари (81%) олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.

Вилоятдаги мавжуд 6 та олий таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун қабул квотаси 8400 та (ўтган йилда 4290 та) белгиланган бўлиб, жами 99 476 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу бир ўринга 12 нафар талабгор деганидир.

Бу йил хотин-қизлар учун ҳам алоҳида грантлар ажратилди. Шунга асосан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига вилоят бўйича жами 3825 нафар хотин-қиз ҳужжат топширган бўлиб, комиссия томонидан ҳужжатлар Низом асосида ўрганилди ва уларнинг 2027 нафарига тавсиялар берилган.

Сентябрь ойида ўтказиладиган тест синовларига вилоятдан жами 129 772 нафар абитуриент иштирок этади. Тест синовларини 2 сменада ўтказиш режалаштирилган. (эрталабки смена соат 8.00 дан 10.00 гача, кечки смена соат 16.00 дан 18.00 гача)

Тест жараёнлари Насаф футбол клубининг машғулотлар ўтадиган 4 та стадионида бўлиб ўтади. Майдонларнинг сиғими 37 512 кв.метрни ташкил этади.

Бир вақтнинг ўзида 184 та гуруҳда 5520 нафар абитуриент тест топшириш имконияти мавжуд. Бир кунда 2 сменада 11 040 нафар абитуриентнинг тест топшириши учун шарт-шароит яратилган. Жами абитуриентларнинг 129 772 нафарни ташкил этиши инобатга олинса, вилоятда тест топшириш жараёни 12 кунда якунига етади.

Тест синовлари ўтказиладиган стадионларда абитуриентлар гуруҳларининг жойлашуви бўйича аниқ режа-чизмаси мавжуд. Бундан ташқари, стадионларга зарур жиҳозлар ва мебеллар (стол, стул, доска ва бошқа зарур воситалар) олиб келиб ўрнатилмоқда.

Тест топшириш кунлари ижтимоий масофани (2 М) сақлашга эътибор қаратилади. Санитария-гигиеник талабларга риоя қилган ҳолда ҳар бир кириш-чиқиш жойларига дезинфекцион туннеллар ўрнатилади, пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланади. Бундан ташқари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг малакали ходимлари томонидан навбатчилик гуруҳлари ташкил этилади.

Узоқ ҳудуддан келадиган абитуриентларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, уларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда автобуслар ташкил этилади. Автобусларнинг белгиланган йўналиш бўйича ҳаракати ИИБ ЙҲХ ходимлари томонидан назоратга олинади.

Бундан ташқари, имтиҳонларни адолатли, шаффоф ўтиши ва коронавирус пандемияси шароитидан келиб чиқиб, ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинади.

Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқин қариндошларининг имтиҳонлар ўтказиладиган масканга келиб овора бўлмаслиги, карантин талабларига риоя этишларини инобатга олган ҳолда, тест синовларини тўлиқ онлайн кузатиш имкониятлари яратилади.

Аҳрор Содиқов,

 Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари

16-08-2020 |
Фото галерея