Ассалому алайкум, қадрли дўстлар! Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари! Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрийлар, журналист ва  блогерлар!

Фурсатдан фойдаланиб  барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман. Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни таҳлилий ёритиш, аҳолини ахборот, информацияга бўлган талабини қондириш, жойлардаги воқелик, муаммоларни дадиллик билан олиб чиқиш йўлида жонкуярлик кўрсатаётган соҳа вакилларига ўзимни чуқур эҳтиромимни билдираман. Машаққатли ва шарафли касбингиз ортидан ҳамиша эъзоз топишингизга тилакдошман.

Бугун дунё шиддат билан ўзгариб бораётган бир пайтда, жамоатчилик фикрини шакллантириш, ғояга қарши ғоя билан курашиш палласида рақобат кескин тус олмоқда. Жаҳонда турли синовлар, пандемия шароити, кескин вазиятлар кечаётган мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Юртимизда кейинги тўрт йил ичида қўлга киритилган ютуқлар сирасига сўз эркинлиги,  ошкоралик, шаффофликни таъминлаш борасидаги ишларни киритишимиз мумкин. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ён атрофимизда рўй бераётган янгиланиш жараёнларини таҳлил қилиш, ёритиш билан бир қаторда жойларда ечимини кутаётган ижтимоий муаммолар, камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини жалб этаётганини алоҳида айтиб ўтиш керак. Янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда ахборот хизматлари фаолиятини жорий этиш ва такомиллаштиришга асосий масала сифатида қаралаётгани – бу аввало давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминламоқда. Бугун раҳбар ходимлар матбуот билан ишлашнинг афзалликларини сезиб ҳамкорликда самарали иш олиб боришмоқда. Матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалар орқали одамларга тезкор маълумот берилмоқда. Соҳа ходимларининг шижоатли, дадил ва муҳими холис бўлиши, нафақат ўзбек тилини, балки хорижий тилларни билиши қанчалар муҳим экани намоён бўлмоқда.

Бугун Қашқадарёда давлат рўйхатидан ўтган босма ОАВ сони 46 та бўлса, уларнинг 16 таси давлат нашрлари, 25 таси эса нодавлат босма нашрлардир. 5 та журнал, 2 та телевидение, 2 та радио ишлаб турибди. Кейинги йилларда вилоятда болалар учун мўлжалланган газета ва журналлар чоп этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунда воҳада 50 дан ортиқ мустақил блогерлар фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 12 таси кузатувчиларининг кўплиги ва фаоллиги билан ажралиб туради. Ўзбекистонда илгари сурилган очиқлик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш йўлидаги саъйи ҳаракатлар боис бугун бу тизим жамиятда ўз  ўрнини мустаҳкамлаб олди. Халқ ишончини қозонмоқда. Вилоятда фаол блогерлар синфи шаклланаётгани ва улар томонидан ўткир, ҳаётий мавзулар кўтариб чиқилаётгани, муаммолар жойида бартараф этилаётгани қувонарли албатта. Айни шу ўринда вилоят журналистикасининг тамал тошини қўйган, ўз меҳнати ва салоҳияти билан бугунги авлод журналистларига ўрнак бўлаётган устоз журналистларга ва ўрганганларини оғишмай ҳаётга тадбиқ этиб меҳр қозонаётган соҳа вакилларига, блогерларга, фидойи касб ходимларига миннатдорчилик билдираман.

Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан,  янги уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Айни бу жараёнда халқимиз сиздан, яъни ижодкор, журналистлардан азму қатъийлик билан иш тутишни, сўзни қадрлашни, холис ва ҳаққоний бўлишни, таълим-тарбия ишига муносиб ҳисса қўшишни, миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари дадил одимлашни кутмоқда. Бу йўлда ўз ҳаловатидан кечиб, куну тун меҳнат қилаётган, сўз, тасвир, овоз, маҳорату, фикр орқали кишилар қалбига маърифат улашаётган соҳа ходимларига эҳтиромимни билдираман.

Давлатимиз раҳбари таъкидлагани каби:  Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз. 

Қадрли, матбуот ва  оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сизларга ҳамиша куч-қувват, саломатлик ва оилангизга файзу барака тилайман. Эл олқишини олинг, меҳнатингиз роҳатини кўринг.

Байрамингиз муборак бўлсин!

26-06-2021 |
Фото галерея