Ассалому алайкум азизлар. Қадрли меҳмонлар, воҳамиз аҳли! Мўътабар отахон ва онахонлар, шижоатли ёшлар.

Барчангизни ардоқли ва суюкли байрам – Наврўзи олам билан самимий табриклайман.

Айни шу кунларда ён-атрофда баҳор фаслининг фазилатлари кезиб юрган бир пайтда, табиатдаги уйғониш, тароват, гўзаллик қалбларга кўчади. Бунёдкорлик, фаровонликнинг янги босқичи намоён бўлади. Вужудимизга куч-ғайрат, азми шижоат, покиза туйғулар кириб келганини ҳис этамиз.

Миллий ўзлигимизнинг кўзгуси бўлган Наврўз - шарқона янги йил дебочаси, серҳосиллик, қут барака, ризқ-рўз мўллигини ўзида мужассам этган, аҳоли турмуш  тарзидаги бетакрор урф-одат ва анаъаналарни сингдирган севимли байрамдир. Байрам кунларида яқинларни йўқлаш, ёши улуғларнинг дуосини олиш, сайиллар ўтказиш, миллий таомлар тайёрлаб, тўкин дастурхон атрофида эзгу ниятлар қилиш урф бўлган.

Наврўз – меҳр-муҳаббат байрами. Байрам муносабати билан эътиборга муҳтож, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган одамларнинг ёки бетоб ётганларнинг ҳолидан хабар олинади, уларга совға саломлар улашилади. Бу каби одатлар, қадриятлар инсонлар орасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаши баробарида, ўзаро бирдам бўлиш, бир-бирини суяш, асраб-авайлаш каби фазилатларни ҳам кўрсатади.

Мана шундай файзли, шодиёна айёмда вилоятимизнинг барча ҳудудларида, олис қишлоқларида, маҳалла, шаҳар ва туманларда Наврўз сайлини ўтказаётган ватандошларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиромимни, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш билан яшаш ғояси илгари сурилмоқда. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсад-муддаоларимизнинг бош ўзаги бўлиб, халқимизни умумий мақсадлар йўлида бирлаштирмоқда. Бу янгиланишлар, ислоҳотлар жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккурини уйғотиб, беқиёс салоҳиятини намоён этаяпти. Жонажон Ўзбекистонимиз бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда.

Бу йилги байрам тантаналари мамлакатимизда  “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Вилоятимиз аҳли ҳам жорий йилги Наврўз байрамига ўзига хос тараддуд билан келишди. Кўзланган марралар сари азми шижоат, ишонч билан борилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз томонларидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йил “Яшил йиллик” умуммиллий тадбир йили деб эълон қилинди. Мазкур кенг кўламли ва ибрат намунаси бўлган тадбир доирасида айни кунда вилоятимизнинг барча туман, шаҳар, маҳалла, кўчаларига  12,1 млн.туп ниҳоллар экилди. “Дарахт экиб, боғ яратамиз, юртимизни янада обод қиламиз”, деган эзгу шиор остида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида ёшу кекса бирдек зўр қизиқиш ва кўтаринки кайфият билан иштирок этмоқда. Бугун экилган ниҳоллар қад ростлаб, мева беради, ён атрофга кўркамлик бахш этади, муқаддас Ватан боғини обод қилади.

  2022 йил -"Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да,  маҳалла институтининг кучидан унумли фойдаланиш иши янги бир босқичда намоён бўлаётгани барчамизга маълум. Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Маҳалла тинч, юрт тинч”, “Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади”, дея халқимиз бежизга айтмайди.

Бугун ҳудудларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари томонидан янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилмоқда, аҳолининг дилида тугиб юрган орзу, истаклари уларнинг даъвати билан амалга оширилмоқда, лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Бу албатта, меҳнатсевар халқимизнинг кўнглидагидек иш бўлмоқда. Вилоятдаги 813 та маҳалла фуқаролар  йиғинларида иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижрочиси, тарғиботчиси бўлмоқда.

Айни шу кунларда эса юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ролини ошириш, қўллаб-қувватлаш, улар учун имкониятлар кўламини кенгайтириш вазифалари доирасида маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимига очиқ танлов асосида суҳбатлар ўтказилмоқда. Маърифатли авлодни тарбиялаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини, муҳими оила мустаҳкамлигини таъминлашда бу бўғин фаоллари ҳам муносиб улуш қўшишларига ишонамиз.

Албатта, Наврўз байрами ўз руҳи ва фалсафаси билан ҳаётимизга сингиб кетган. Борлиқни асраб-авайлаб, у билан уйғун яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, дўстлик, ҳамжиҳатлик сингари юксак ғояларни улуғлаши билан теран мазмун касб этади. Мамлакатимизда кенг кўламда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳаким ат Термизийнинг  “Наврўзнома”сида шундай ёзилади: агар Наврўзи олам душанба куни бўлса, тўқчилик бўлиб, ноз-неъмат кўп бўлади. Ёмғир мўл ёғади, буғдой ширин бўлади.

Хосиятли ва фазилатли байрам кунларида ният қиламиз,  барча соҳаларда бисёр мувафаққиятлар бўлсин.  

Тинч ва осуда юртга байрамлар ярашади. Тинчликни кўз қорачиғидек асрасак, кўзлаган марраларимизга, албатта эришиб бораверамиз. Бугун дунё миқёсида глобаллашув жараёни кечаётган бир пайтда, барчамиз теран англаяпмизки, ҳаёт ҳамиша ҳам бир текисда кечавермайди, синовлар, қийинчиликлар бизни янада бирлаштириб, янада жипс бўлиб меҳнат қилиш, тинчликни қадрлашга ўргатмоқда. Айни шу муаззам дамларда элимиз дилидаги, тилидаги муқаддас каломни айтамиз: жаҳонда тинчлик бўлсин!

Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган улуғвор ишларга ватанпарварлик, миллатсеварлик билан муносиб ҳисса қўшиш йўлида барчангизга куч қувват ва омонлик тилайман.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий айтганларидек: Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!

Байрамингиз муборак, азиз ватандошлар!

Эътиборингиз учун раҳмат.

21-03-2022 |
Фото галерея