Ассалому алайкум, азиз онахонлар, мунис опа сингиллар, қадрли меҳмонлар!

Аввало, барчангизни гўзаллик, эзгулик, меҳр байрами 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман.

Энг самимий тилакларимни билдираман. Ҳамиша баҳор каби очилиб, қалбларга яратиш, янгиланиш ишқини бериб, ҳаётдан рози бўлиб яшаш насиб этсин.

Дунёда турли таҳлика ва зиддиятлар кузатилаётган бир пайтда, барча онажонларнинг дилида ва тилида турган эзгу дуога биз ҳам қўшиламиз: Жаҳонда тинчлик бўлсин!

Азалдан мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотини улуғлаш, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини оширишга эътибор қаратиб келинади. Оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда камарбаста бўлган хотин-қизларимизни муносиб қадрлаш иши барча тадбирларнинг аввали бўлиб келган.

Кейинги йилларда ватанимиз тараққиёти, эртанги режалар ҳақида сўз кетса, “Янги Ўзбекистон”, “Инсон қадри учун” ибораси баралла тилга олиняпти. Бу бежизга эмас, албатта. Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, миллат тақдири, юрт истиқболини белгиловчи энг устувор йўналишлар, йирик лойиҳалар ҳақида фикрлашилаётган бир пайтда, биз нуроний отахон. онахонларнинг тажрибаси, сабоқлари, зукко хотин-қизларимизнинг фаолияти, билими ва иштирокига таянамиз.

Уларнинг ҳамфикр, ҳамкор эканидан битмас туганмас куч, рағбат оламиз.

“Аёлни эъзозлаш - эзгулик ва адолат мезони” деган улуғвор ғояни жорий этишда юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, истеъдоди ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асоси саналади.

Барчамиз ҳис қиладиган ҳаётий ҳақиқат бор: Аёл доно бўлса – оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳамжиҳатлик, ўсиш, юксалиш бўлади. Меҳр-муҳаббат мустаҳкамланади. Эл юртимиз учун фидойи ўғил-қизлар камолга етади.  

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Тарбия берувчининг ўзи, аввало, тарбияланган бўлиши керак”, дейдилар.

Тарих саҳифаларидан бизга маълумки, ҳукмдорлар, бўлгуси шаҳзодаларнинг тарбияси иймонли, фозила аёлларга топширилган. Фарзандлар уларнинг ўгит, сабоқларидан куч олиб ақли етук бўлиб улғайган. Давлатга, миллат маънавиятига бош бўлган. Тўмарисдан матонатни, Сароймулкхоним, Нодирабегим ва Зулфияхонимдан ақлу зако, оилапарварлик мерос қилиб олган  ўзбек аёллари  салоҳияти билан қандай миллатнинг вакиласи эканини ҳар қадамда намоён этмоқда.

Янги Ўзбекистон – маърифатпарвар давлат.

Жорий йилнинг 1 мартида давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган  видеоселекторда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди. Юртимиз аёлларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор вазифалар илгари сурилди.

Янги Ўзбекистоннинг аёллари учун янгича ёндашув ва дунёқараш билан янги имкониятлар, янги имтиёзлар жорий этилди.

Жумладан, хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан кафолатли тўлаб берилади, эҳтиёжманд ёлғиз аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўлови бюждетдан қоплаб берилади, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади. Пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Жойларда унинг техникумлари ҳам очилади.

Аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ОТМларда хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилади. Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.

Бу каби имтиёз, ғамхўрлик, хотин-қизларни эъзозлаш ва мавқеини ошириш ишлари Янги Ўзбекистон – янгича дунёқарашга мос ва хос, албатта.

Давлатимиз раҳбари  томонидан илгари сурилаётган мазкур ғояларни тадбиқ этиш ва амалга оширишда халқимиз аёлларнинг тафаккури, илм зиёсига, уларнинг шижоату матонатига таянади. Обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил қилишни таклиф этиб, муҳтарам юртбошимиз:

"Бу ҳаракат том маънода “маҳалланинг виждони”га айланиши керак. Чунки, маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди”, деб айтдилар.

Бугун вилоятимиз аёлларининг 4 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, 151 нафари халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларида фаолият юритмоқда.

Вилоятдаги мавжуд корхона, ташкилотларда айни кунда 7 мингдан ортиқ хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда.

Анъанага кўра, жорий йилда ҳам Қашқадарёлик 17 нафар аёл жамиятдаги ва давлат ҳаётидаги фаоллиги учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Иқтидори билан тенгдошларига ўрнак бўлган 2 нафар зукко қизимиз эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди.

Яна бир юксак эътироф! Буни ғурур ва ифтихор билан айтиш керак, яъни куни кеча 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз Фармонларига кўра меҳнатда намуна кўрсатган 8 нафар вилоятимиз вакиласи юксак давлат мукофоти билан тақдирланди.

Йилдан-йил воҳамиз аёллари ўз муваффақиятлари кўламини кенгайтириб боришаётгани бизни мамнун этади. Қашқадарёда 9 нафар фан доктори, 130 нафардан ортиқ фан номзоди, фалсафа доктори бўлган аёлларимиз фаолият юритмоқда. Қувонарлиси улар ўз илмий салоҳиятини намоён этиш билан бирга мамлакатимиз илм-фан ривожига муносиб улуш қўшиб келишяпти.

Токиода бўлиб ўтган ёзги олимпия ва паралимпия ўйинларида Ватанимиз шаъни шавкатини дунёга ёйган спортчи қизларимиз Райҳона Қодирова, Асила Мирзаёрова билан биз ҳақли равишда фахрланамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай оқила фарзандни улғайтирган ота-оналарига, айниқса онажонларига самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Оилалар фаровонлиги ҳақида сўз кетса, албатта, мамлакатимиз раҳбари томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватланаётгани, улар учун алоҳида имтиёзлар яратилаётгани алоҳида таъкидланади. Бугун вилоятда 9 850 нафар тадбиркор, 515 нафар фермер, 7 362 нафар ҳунарманд хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда. Улар вилоятнинг саноат улушини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратишда ҳисса қўшишяпти.

Бу каби ютуқ ва марралар замирида дилбар, зукко онажонларимизнинг, меҳнатдан қочмайдиган, қиламан деган ишини маромига етказиб бажарадиган ва аҳдини устидан чиқадиган қашқадарёлик аёлларнинг фазилатлари, мақсад учун астойдил меҳнат қилишдек  иштиёқлари бор.

Ўзбекистон инсон қадри тобора юксалиб бораётган давлат сифатида намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг 28 январида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармон билан хотин-қизларнинг манфаатларини, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор имтиёзлар белгиланди.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилинади.

Аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш каби бир қатор вазифалар белгиланди. Жорий этилган бу каби имкониятлар, имтиёзлар - эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатишнинг янги, юксак босқичини намоён этади.

Вилоятда "Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга 24 млрд 236 млн сўм маблағ сарфланиб амалий ёрдам кўрсатилди.

840 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланди, Нотурар жойларда истиқомат қилаётган 1 589 нафар хотин-қизларнинг ижара тўловлари тўланди.

Бу каби ишлар давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва кўрсатмалари асосида тизимли давом эттирилмоқда.

Айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратиш, янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилишда қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши бу элимизнинг дилидаги гап бўлмоқда, бу каби имконият ва имтиёзларни хотин-қизларимиз катта қувонч билан кутиб олишмоқда.

Янги Ўзбекистонда бугун қўлга киритилаётган ютуқ ва зафарларда Сизнинг ҳам муносиб улушингиз борлигини таъкидлаб, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик, ватанпар-варлик фазилатлари учун раҳмат айтамиз.

Муҳтарам онажонлар, азиз опа-сингиллар!

Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур. Ҳар бир она фарзандининг келгусида ҳаммаданда бахтли бўлишини истайди. Бугун биз Ватаннинг шон-шуҳратини юксалтирадиган тарихий даврга қадам қўйдик.

Шундай экан, азиз онажонлар, муҳтарам ва мунис аёллар, фарзандингизнинг қалбига улуғ мақсадларни, эзгу ғояларни сингдиринг, буюк орзуларни жойлашга интилинг.

Азиз байрам иштирокчилари! Ватан ичра мўъжаз ватан бўлган оилани аёл сиймоси, унинг меҳри, яратувчан қўллари, ақл закоси янада нурли қилади. Оила фаровонлигини ошириш, аҳиллик, ўзаро ҳурмат, эртанги кунга бўлган ишонч туйғулари сизнинг фазилатлари билан янада қадр топади.

Биз сиз билан ҳамиша фахрланамиз! Сизга қувонч, меҳр тортиғ этишдан руҳланамиз. Бу каби эъзоз, эҳтиромга муносиб эканлигингизни баралла айтамиз!

Сиз учун барча шарт-шароитларни яратиш йўлида давлатимиз раҳбари бошчиликларида биз ўзимизни ҳамиша бурчли сезамиз.

Оилангиз, фарзандларингиз ва элу юртимиз бахтига соғу саломат бўлинг. Хонадонингизни тинчлик, хотиржамлик, файзу барака тарк этмасин.

Сиз борсиз, умримиз мазмунли, ҳаётимиз чароғон!

Байрамингиз муборак, азиз опа сингиллар, муҳтарама онахонлар!

Эътиборингиз учун, раҳмат!

07-03-2022 |
Фото галерея