Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси биринчи иш кунида вилоятнинг Чироқчи тумани чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
 

Унда Кўкдала туманининг ташкил этилишига сабаб бўлган асосий омиллар ҳақида алоҳида маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда туман марказидан энг чекка қишлоққача бўлган масофа 65-100 км ташкил этиб, жумладан, “Тошли” қишлоғи – 100 км, “Сарсон” қишлоғи – 93 км ва “Қуруқсой” қишлоғи – 65 км. Бу эса, аҳолининг туман марказига бориб-келиши учун 2-3 та йўловчи транспортидан фойдаланишига ва бир кун йўқотилишига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, Чироқчи туманида яшаётган аҳолига ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда вилоятда режалаштирилаётган ўзгаришлар, урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, айниқса аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ушбу туманнинг бир қисмида Кўкдала туманини ташкил этиш ҳамда унинг марказини Еттитом шаҳарчаси этиб белгилаш назарда тутилмоқда.

Бунда, Чироқчи туманидан 171 минг гектар ер майдони ва истиқомат қилаётган умумий аҳолининг 177 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисми Кўкдала тумани таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Кўкдала тумани таркибига 162 та саноат корхонаси ва 1 та кичик саноат зонаси (Айритом) ўтказилиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмининг туман саноатидаги улуши 151,9 млрд сўмни ёки 38 фоизни ташкил этади.

Бугунга қадар вилоятимизда 13 та туманлар ва 2 та шаҳарлар мавжуд эди. Бугун Олий Мажлис Сенати йиғилишида Кўкдала туманини ташкил этишни сенаторлар маъқуллашиб, ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

17-03-2022 |
Фото галерея