Республика соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова томонидан вилоятимизнинг бир қатор туманларида маҳорат дарси тарзидаги семинарлар ташкил этилди.

Ғузор тумани, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида ўтказилган мазкур семинарларда вилоятнинг барча ҳудудлари тиббиёт бирлашмаларининг раҳбарлари ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирларда оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш борасидаги долзарб вазифалар, жойлардаги “Аёллар маслаҳатхоналари” ҳамда “Қизлар саломатлик марказлари” фаолиятини такомиллаштириш, маҳаллабай иш тизимини ташкил этиш, шунингдек, "Темир дафтар",  “Аёллар дафтари” ҳамда "Ёшлар дафтари"да қайд этилган, тиббий-ижтимоий муаммоси бўлган қатлам билан ишлаш бўйича батафсил сўз юритилди.

— Биз нега оналар ва болалар ўлими борасидаги муаммоларимизни бартараф эта олмаяпмиз?  — дейди Элмира Баситханова. — Чунки узоқ йиллар давомида тизимдаги чалкашликлар сабаб бирламчи бўғинда педиатрлар, болалар ва ўсмирлар гинекологлари, эмлаш ҳамширалари штатларини йўқотдик. Аҳоли ўртасида тиббий маданиятни оширишга, шунингдек, антенатал кузатув сифатига етарли эътибор қаратмадик. Афсуски, ҳали-ҳамон қишлоқларимизда, ҳатто шаҳарларимизда айрим ҳомиладор аёллар ой-куни яқинлашганидагина туғруқхонада ишлайдиган “хола”сини эсга олади...

Давлатимиз раҳбари 2017 йилда бизга жойларда “Аёллар маслаҳатхоналари” ҳамда “Қизлар саломатлик марказлари” фаолиятини ташкил этишни тавсия этган эди. Мана шу тизим самарали ишласа, соҳадаги кўпгина муаммолар ечимини топиш мумкин.

— Дарҳақиқат, “Аёллар маслаҳатхоналари”да  туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлиги борасидаги муаммолар ўз вақтида аниқланса, маҳаллабай ишлашга эътибор кучайтирилса, кўпгина ташвишларга ўрин қолмайди, — дейди Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Роҳила Усмонова. — Шунингдек, ўсмир қизларни ўсмирлар гинекологи кўригидан ўтказиш сингари нозик масалаларга менталитетдан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, бу борада кўпчиликда қотиб қолган нотўғри тушунчаларга барҳам бериш,  “Қизлар саломатлиги марказлари” фаолиятида ҳамда бу борадаги тарғибот ишлари  самарадорлигини оширишда мактабларимиздаги волонтёр қизлар кучидан унумли фойдаланишимиз зарур. Семинарда бу борада керакли амалий тушунчаларга эга бўлдик.

Вазир ўринбосари, шунингдек, ҳудудлардаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, уларда ташкил этилган “Саломатлик бурчаклари” ҳамда маҳаллабай ишлаш борасидаги ишлар билан танишди ва бу борадаги тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

26-03-2021 |
Фото галерея