Барчамизга маълумки, юртимизда ҳар йили "1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни" юртбошимизнинг юксак эътибор ва ташаббуслари билан республикамизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланади ва бир қатор ўз касбининг фидойилари давлатимиз раҳбари томонидан мукофотланади.  
 
Шу боисдан, Қарши шаҳрида "1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан байрам дастури бўлиб ўтди ва унда таълим-тарбия соҳасининг бир гуруҳ жонкуярлари иштирок этишди.
 
Маданий тадбир аввалида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Президентимизнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини ўқиб эшиттирди ва давлат мукофоти олганларни табриклаб, барча устозларга ўз табригини йўллади:

Азиз ва муҳтарам  ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар, таълим соҳасининг қадрли жонкуярлари!

Аввало, сизни,  сизнинг тимсолингизда устоз деган қадрли номни эъзозлаб келаётган барча инсонларни,  умрини пок ва шарафли, масъулиятли меҳнат - халқимизнинг умиди нишонаси бўлган ёш авлодни тарбиялашдек эзгу ишга бағишлаган  соҳа ходимларини – Ўқитувчи ва мураббийлар куни  билан самимий табриклайман.

Сиз ҳаётимиз офтоби, чароғон қилувчи зиёдирсиз!  Ўзида бор илм ва билимни аямасдан қалбларга улашувчи мўътабар зотлар олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Бугунги глобаллашув жараёнлари кескин бўлган, ўзаро рақобат, турли сиёсий, иқтисодий ва ғоявий қарама-қаршиликлар кучайган бир даврда бунга нисбатан амалий чора кўриш, халқнинг ўзлигини асраш масаласи ҳар қачонгидан юксак аҳамият касб этмоқда. Олдимизга қўйган баланд марраларнинг, улкан вазифаларнинг амалга оширишдаги бирдан бир куч – бу албатта, таълим, илм ва билимдир. Фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбияси барча ишларимизнинг аввали, бош ғояси бўлади. Замонавий билимларни эгаси бўлган, ўткир ва дадил ғоялар билан жаҳон саҳнига чиқиб келаётган ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини намоён бўлиши учун барча куч, имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Фарзандларимизга боғчадан, мактабгача, олий ўқув юртларида илм-фан сирларини пухта ўргатиш, она тилини мукаммал билиши, хорижий тилларни ўрганиши, бошқарув соҳасида малакали мутахассис бўлиши йўлида ишлаб чиқилган дастурлар изчил амалга оширилмоқда ва муҳими бу каби чора-тадбирларнинг натижасини кўриб, барчамиз мамнун бўлмоқдамиз.

Таълимнинг илк бўғини мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия ишларини сифатли ташкил этиш бўйича вилоятимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида 134 та,  2018-2021 йилларда “Обод қишлоқ”, Обод маҳалла” дастурлари доирасида 51 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва капитал, жорий таъмирланди. Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига қамров 2016 йилда 13.3% ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг айни шу даврига келиб бу кўрсаткич  49.2% га етди. Қамров даражаси уч баробарга, мактабгача таълим муассасалари сони уч ярим баробарга ортди. Яқин уч йил ичида мазкур тизимда  7 240 нафар янги тарбияланувчи иш ўрни яратилди. Бугун вилоятда 2272 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Жажжи фарзандларимиз ўзбек тилидан ташқари рус, инглиз ва немис тилларини ўрганиб мактабга қадам қўйишяпти.

Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади. Юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг кўлами кенгайиб, натижадорлиги ортгани сари мактаб таълимини ривожлантириш муҳим, долзарб вазифа экани ўз ифодасини топмоқда. Соҳага оид ислоҳотларнинг ўзагида, яъни ислоҳотларнинг муҳим пойдевори сифатида 11 йиллик мажбурий таълимни жорий этилишини айтишимиз керак.

“Янги Ўзбекистон – маърифатпарвар давлат”, - муҳтарам Президентимиз таъкидлагани каби, бу юксалишнинг асосларини биз таълим-тарбия ривожи, илм ва билимнинг юксак маррасида кўрамиз. Бугун Қашқадарёда 1217 та, шундан 49 та ихтисослашган мактаблар фаолият юритади. Жорий ўқув йилида вилоятда Президент мактаби иш бошлади.

Бундан 3 йил олдин мактаб ўқитувчиларининг 13 650 нафари ўрта махсус маълумотли эди. Бугун уларнинг сони 11 189 нафарга қисқарди. Яна бир муҳим жиҳат, бугун вилоятнинг чекка ҳудудларига бориб ишлаётган ўқитувчиларнинг сони 587 нафарни, вилоятдан вилоятга қатнаб меҳнат қилаётган ўқитувчилар эса 21 нафарни ташкил этади. Уларни моддий рағбатлантириш, уй-жой билан таъминлаш ва устамалар бериш иши доимий эътиборга олинган. Яқин икки йил ичида вилоятда мавжуд бўлган хом ғишт ва пахсадан қурилган 57 та мактаб биноси замонавий кўринишга эга бўлди ва жиҳозланди. Бунинг учун давлат бюджетидан 73.4 млрд сўм маблағ ажратилди.

Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги  ижод мактабининг жорий йилда 23 нафар битирувчи тугаллаган бўлса, уларнинг 22 нафари талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Талабаларнинг 7 нафари халқаро олий ўқув юртларига, 7 нафари грант асосида ўқишга қабул қилинди. Нуфузли танловларда муносиб иштирок этиб келаётган истеъдод соҳиблари, қаҳрамон шоир айтгани каби “улуғ халқ қудрати жўш урган замон”да қандай аждодларнинг авлоди эканликлари намоён этмоқдалар.

Ўқитувчи, мураббийларни ниҳол парваришлаб умид билан келажакка кўз тикиб турган уста боғбонга қиёс этамиз. Улар улкан ва обод ватанимиз боғининг боғбонларидир! Уларнинг меҳнати шогирдлар камолида кўринади.

Йилдан-йил тест синовлари натижаларини кузатиб, ўз касбининг жонкуяри бўлган, тиниб билмай ишлайдиган ўқитувчиларнинг меҳнати ўқувчиларнинг ютуқларида қадр топишини англаб етмоқдамиз. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган 9046 нафар ўқувчи юксак ифтихор билан нафақат республикамиз, балки хорижий давлатларнинг нуфузли олийгоҳларида янги ўқув йилини бошладилар.

Шаҳрисабз шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 57 нафар битирувчисидан ( 91,2%) 52 нафари, Ғузор туманидаги 68-Давлат ихтисослаштирилган мактабнинг 71 нафар битирувчисидан 63 нафардан (88,7 %) нафари, Яккабог туманидаги 14-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 29 нафар битирувчисидан 25 нафари (86,2 %), Муборак туманидаги 28-ихтисослаштирилган мактабнинг 16 нафаридан   13 нафари (81,3), Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 20 нафаридан (75 %) нафари 15 нафари ОТМ талабаси бўлди. 

Шунингдек, Яккабоғ туманидан 182 нафар, Ғузор туманидан 127 нафар, Китоб туманидан 96 нафар, Чироқчи туманидан 86 нафар, Шаҳрисабз шаҳридан 70 нафар, Қарши шаҳридан 73 нафар битирувчи ёшлар хорижий ва Ўзбекистондаги хорижий ОТМ филиалларига киришда аъло натижаларни намоён этишди. 30 га яқин хорижий ОТМ га грант асосида ўқишга кирган Қарши шаҳридаги 44-мактаб ўқувчиси Шуҳрат Юлдошев Дубайда таҳсил олишни бошлади. Қамаши туманидаги 61-мактабнинг битирувчиси Ўрақов Асадбек Рашид ўғли Халқаро даражадаги (IELTS) имтиҳонидан юқори кўрсаткични кўрсатиб,  Ўзбекистондаги 13 та халқаро университетнинг талабаси бўлди.

Қашқадарё вилоятида 8 та математика, 5 та кимё-биология, 1 та физика таянч мактаби, 7 та информатика ва ахборот технологиялари фанлари ҳамда 15 та хорижий тилларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ташкил этилди.

Президентимизнинг "Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир", дея таъкидлаганлари ортида чуқур маъно бор.

Халқимиз учун фарзандларининг бахти камолини кўриш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, илм-фан чўққиларини забт этишидан ортиқ шодумонлик бўлмас.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуслари билан олий таълимга қабул квоталарини оширилиши, хотин-қизлар учун алоҳида квоталар ажратилиб, имтиёзларнинг кенгайтирилиши, янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, тест синовларини топширишда ўз ҳудудидан иштирок этиш ва бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига кириш каби имкониятларнинг берилгани – олий таълим тизимида жорий этилган янгиликларни кўрсатиб беради. Бундан тўрт йил илгари вилоятда 2 та олийгоҳ ва 1 та олий ўқув юрти филиали фаолият юритган бўлса, бугунга келиб 1 та Университет, 2 та инстутут ва 3 та олий ўқув юрти филиали – жами 6 та олий ўқув юрти мавжуд.  Қарши давлат университети тиббиёт факультети илк талабаларни қабул қилди.

Айни шу дамда маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур” деган сўзларини келтириб ўтмоқчиман. Ёшларимизнинг илмга ундаш, янги тадқиқотлар учун замин яратиш бурчимиздир. Вилоятнинг  3 та олий таълим муасассаси яъни, Қарши муҳандислик ва иқтисодиёт институти, ҚДУ Педагогика институти, Тошкент кимё-технологиялари институти Шаҳрисабз филиалида “IT-Park” МЧЖ билан ҳамкорликда Ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб қувватлаш мақсадида, “Инкубация ва акселерация марказ”лари ташкил этилди.   

Бирлашган Араб амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар 22 557  нафар ёшлар www.uzbekcoders.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиб, 10 251 нафари иштирокчи сертификатларини ва 7 637 нафари битирувчи сертификатига эга бўлди.

Илмий салоҳиятни юксалтириш, профессор ўқитувчиларни меҳнатларини қадрлаш, янгидан янги илмий изланишлар олиб борилиши учун зарур шарт-шароит яратиш, халқаро алоқаларни кучайтириш ҳақида сўз кетганда, 2019-2021 йиллар давомида жами 110  нафардан ортиқ ўқитувчилар томонидан диссертациялар муваффақиятли ҳимоя қилинганини таъкидлаб ўтмоқчиман ва уларга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Айни кунда вилоятдаги олий таълим муассасалари билан Россия, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Корея,  Беларусь, Хитой, Дания, Чехия, Болгария, Польша, Руминия, Португалия давлатлари ОТМлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Бугун бизнинг ўқитувчилар, олийгоҳда меҳнат қилаётган фидоий соҳа эгалари хорижнинг нуфузли таълим масканларида сабоқ бераётгани ниҳоятда қувонарли. Биргина мисол, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг  “Хорижий тиллар” кафедраси ассистенти Дилфуза Жабборова Испаниянинг Сантяго Де Компостелла университетида халқаро муносабатлар ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёти ва дипломатик муносабатлар фанларидан дарс бермоқда.

Бу каби ютуқ ва муваффаққиятлар замирида оташқалб инсонлар – яъни сиз азиз ўқитувчи, мураббийларнинг ўз ҳаловатидан кечиб қилган меҳнати, сабр билан берган сабоғи, меҳри, ватанпарварлиги  борлигини чин дилдан ҳис этамиз ва бу бетакрор фазилатлар учун сизга эҳтиром билдирамиз.

Қўлимиз кўксимизда, такрор айтамизки, сизнинг сабр ва матонат, меҳрибонлик, муҳими жонкуярлик билан берган сабоғингиз, ўрнак, ибратингиз ҳар биримиз учун юксак инсонийлик дарси бўлиб қолади. Жамики эзгу фазилатлар учун мудом қарздормиз!

Байрамингиз муборак бўлсин! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга файзу барака тилайман. Фарзандлар, шогирдар қуршовида меҳнатдан роҳат топиб яшаш насиб этсин.                          

 
Байрам дастури куй-қўшиқлар билан давом этди. 
01-10-2021 |
Фото галерея