Жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ушбу ҳафталик Қашқадарёда ҳам старт олди. Ҳафталикка бағишланган тадбирларга вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. 
 
 
Илк учрашув Қарши шаҳридаги "Нуронийлар маскани"да бўлиб ўтди. Унда сўз олганлар кексаларга кўрсатилаётган эътибор келажак авлодни ҳам ҳар томонлама етук шахслар бўлиб вояга етишига хизмат қилишини таъкидлади.
 
 
- Бир гуруҳ нуронийларимизни “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументини саёҳат қилишга юборамиз ҳафталик якунида, - деди Зойир Мирзаев. - Шунингдек, кексаларимизнинг ҳаёт йўли жонли тарих ва ибратли сабоқ эканини ҳисобга олиб, ОТМда нуронийлар дарсларини ташкил этамиз. Соғлигидаги муаммолари сабаб уйда ёки сиҳатгоҳларда даволанаётган нуронийларимиз ҳолидан хабар оламиз ҳамда давлат ташкилотларида ишлаган ва бугун кексалик гаштини сураётган нуронийларимизни собиқ ишхоналарига саёҳатини ташкил этамиз.
 
 
Шунингдек, "Нуронийлар маскани"да бошланган учрашув бир пиёла чой устида давом этди. Очиқ табиат қўйнида тўкин дастурхон ёзилиб, унга кекса нуронийлар ва меҳнат фахрийлари таклиф қилинди. Санъаткорлар томонидан куйланган дилбар тароналар уларнинг кўнглига хушнудлик улашди.
04-10-2021 |
Фото галерея