Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан “Инновацион ғоялар ва ишланмалар ҳудудий кўргазмаси” бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.  

Ёшларнинг стартап лойиҳаларини ривожлантириш, ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш, замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида бўлиб ўтган кўргазмада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.  

“Инновацион ғоялар ва ишланмалар ҳудудий кўргазмаси”да 40 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, ташкилотлар, олий таълим муассасалари ва инновацион технологиялар марказлари, хусусий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар намойиш этилмоқда. Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш, соҳаларни инновацион технологиялар асосида ривожлантириш учун хизмат қиладиган ишланмалар муаллифлари билан шартнома имзоланиши кўзда тутилмоқда.

Кўргазма доирасида ҳудудларнинг робототехника соҳасидаги салоҳиятини намоён этиш, мазкур соҳадаги истиқболли лойиҳаларни дастлабки босқичда аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, прототип яратишга, ўз навбатида лойиҳани амалиётга жорий этишга қаратилган “Power of innovation” танлови саралаш ва тақдирлаш жараёни бўлиб ўтмоқда.  

Кўргазмада Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги 12 та Олий таълим ва Илмий тадқиқот муассасасидан умумий 68 турдаги ишланма ва 15 та тадбиркорлик субъектидан жами 45 та маҳсулот турлари қатнашмоқда.

Шу билан бирга ўтган йили ташкил этилган “Technoways” технологик ривожланиш марафонининг ҳудудий босқичи ўтказилиб, иштирокчилар лойиҳалари рўйхатга олинмоқда ва лойиҳа муаллифлари финал босқичига тайёргарлик кўрмоқда. Бу турдаги лойиҳаларнинг ҳудудлар кесимида ўтказилиши янги иқтидор эгаларининг кашф этилишига замин яратади.

Шунингдек, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан “Энг яхши ишланма”, “Энг яхши стенд” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади. Олимлар, ёшлар ва ихтирочилар билан сайёр учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Кўргазма 13 март куни ўз ишини якунлайди.

 

Ў.Баротов,

Ж.Норқобилов(сурат)

12-03-2021 |
Фото галерея