Вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

- Ўтган йили 11 октябрда бўлган сайловолди учрашувида, сизлар билан бирга Қашқадарёни келгуси беш йилда ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича катта мақсадларни қўйган эдик, - деди Президент. - Кеча Қашқадарёни эрталабдан кечгача айланиб, одамларнинг кўзига қараб, шу режаларимизга одамлар ишоняптими, ўзгаришларни сезяптими, деб эътибор бердим. Буларни ким қилади? Раҳбар қилади - фидойи, халқини севадиган, элни бирлаштирадиган раҳбар. Агар фидойи ҳоким келса, одамлар дарров сезади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ҳозирги таҳликали замонда ички имкониятларга таяниш ва уларни самарали ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

- Қаерга уддабуррон раҳбар қўйилган бўлса, натижа бўлаяпти. Қашқадарёга, 3 ярим миллиондан кўп аҳолиси бўлган элга раҳбар бўлиш осон эмас. Бундай раҳбар топиш ҳам осон эмас. Қашқадарёнинг ери бой, тупроғи унумдор, одамлари меҳнаткаш. Фақат уларни бирлаштириб, елкадош бўлиб, ҳалол ишлаш керак. Ҳокимни ҳоким қиладиган, уни ишини кўрсатадиган шу халқ. Маҳаллий депутатлар, нуронийлар, умуман, одамлар бефарқ бўлмаса, Қашқадарёнинг қадамлари тезлашади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда ташкилий масала кўрилиб, 2021 йил ноябрь ойидан буён вилоятимиз ҳокими вазифасини бажариб келаётган Азимов Муротжон Бердиалиевич номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди ва Халқ депутатлари, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар ва ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади ҳамда овозга қўйиш натижаларига кўра, Муротжон Азимов вилоятимиз ҳокими этиб тасдиқланди.

23-04-2022 |
Фото галерея